Эски стандартларни бекор қилиб, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш техник регламентларини Европа ва ЕОИИ талабларига мослаштириш бўйича кўрсатмалар берилди

Президент Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология тизимидаги ислоҳотлар натижадорлиги муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Маҳсулотлар сифати ва рақобатдошлигини ошириш учун миллий стандартларни жаҳон талабларига мослаштириш ҳамда корхоналарга жорий қилиш жуда муҳим ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда стандартларнинг 43 фоизи халқаро меъёрлар билан уйғунлаштирилиб, уларнинг сони 12 мингтага етказилди. Бундай ишлар натижасида экспорт имкониятлари кенгаймоқда. 

Мисол учун, 21та корхонада тўқимачилик ва трикотаж товарларига Европанинг «OEKO-Tex» ва «Sedex» стандартлари жорий қилинди. Жумладан, Андижондаги «Samo Textile» Европа бозорларига 5 миллион долларлик маҳсулот билан чиқди. Бухородаги «Bukhara Cotton Textile» МЧЖ ҳам АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Туркияга 5 миллион долларлик экспорт қилди.

Шунингдек, маиший техника, кабель, тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда 17 турдаги маҳсулот хавфсизлигини тасдиқловчи машҳур «CE» маркировкаси жорий этилгани натижасида Европанинг 8та давлатига экспорт бошланди.

Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Йил охиригача озиқ-овқат, металлургия, енгил саноат бўйича 14та лаборатория модернизацияси якунланади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда шу пайтгача бажарилган ишлар натижадорлиги таҳлил қилиниб, галдаги муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари «Ўзстандарт» агентлигини миллий орган мақомига олиб чиқиш, корхоналарда янги стандартларни манзилли жорий қилиш асосий вазифа эканини таъкидлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *