ЮНЕСКО Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусини қўллаб-қувватлади

Ташкилот раҳбари Хивада халқаро маданий форум ўтказиш ҳақидаги таклифни қабул қилганини билдирди.

ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё бўйича халқаро маданий форум ўтказиш ташаббусини қабул қилишини билдирди. Бу ҳақида у “Твиттер”даги саҳифасида маълум қилган.

“Мен президент Мирзиёевнинг 2021 йилда Хивада Марказий Осиё бўйича халқаро маданий форум ўтказиш ташаббусини мамнуният билан қабул қиламан”, деб ёзган Одри Азуле.

ЮНЕСКО раҳбарининг фикрича, халқаро форум Марказий Осиёнинг умумий маданиятига шўнғиш имкониятини яратади.

Ўзбекистон президенти 23 сентябр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги чиқишида 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форумни ўтказиш ташаббусини илгари сурган ва бунга Ўзбекистон тайёрлигини маълум қилган эди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Умид Шодиевнинг билдиришича, мазкур таклифга ташкилот томонидан қизиқиш билдирилишининг бир неча сабаблари мавжуд.

Биринчидан, форум ЮНЕСКО мандатига кирувчи асосий йўналишлар – илм-фан ва маданиятни тарғиб қилишга қаратилган.

Иккинчидан, ташаббус ташкилот амалга ошираётган фаолиятга тўла мос тушади. ЮНЕСКО бир неча ўн йиллар давомида Марказий Осиё маданияти ва тарихи ҳақида улкан тадқиқотлар қилмоқда. Ташкилотнинг “Буюк ипак йўли” махсус онлайн платформасида минтақага тегишли кўплаб маданий ва илмий артефактларнинг нусхалари тўпланган.

Учинчидан, бу ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкамланиб бораётган ўзаро алоқалар маҳсулидир. ЮНЕСКО раҳбарияти Ўзбекистон ҳукуматининг ўзаро алоқаларни кенгайтиришга бўлган интилишларини ҳар доим юқори баҳолаб келади.

Тўртинчидан, ЮНЕСКО Ўзбекистон билан ҳамкорликда йирик халқаро маданий-маърифий ва илмий тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича катта тажрибага эга. Мамлакатда охирги йилларда ўтказилган “Шарқ тароналари”, “Бахши”, “Мақом” каби халқаро форумлар шу ташкилот шафелигида ўтказилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *