«Юртимизда тизим ёки шифокорлар ўз ишларини уддалай олмадилар дейиш нотўғри» – штаб аъзоси

Фото: KUN.UZ

АОКАда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолидан тушган саволларга жавоб қайтарилди.

Хусусан, мурожаатлардан бирида фуқаро Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусдан тузалган беморларда антитаначалар шаклланган бўлса ҳам қайта касалланиш мумкинлигини инкор этмаётганини айтиб, бу ҳолат кимларда кузатилиши мумкинлиги ҳақида сўраган.

“Коронавирус касаллиги ҳали охиригача ўрганилмаган ва ҳозирги кунга қадар изланишлар давом этаётган касалликдир. Олимлар ушбу касаллик билан қайта касалланиш мумкинлигини инкор этмаяптилар ва уларнинг фикрига кўра касаллик иммунитети паст, сурункали касаллиги бор ва касалликка қарши антитаначалари кам бўлган беморларда учраши мумкинлигини таъкидладилар. Изланишлар ушбу беморларда аниқланган вируслар жуда кўп маротаба мутацияга учраганини ҳам кўрсатмоқда.

Кўпчилик мен касалликдан қутилдим, антитаначалар бор деб ниқобсиз, масофани сақламасдан юришни бошладилар. Юқоридаги маълумотларга асосланиб, атрофдагиларни хавф хатарга қўймаслик учун ҳам барча санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этишни тавсия этамиз”, – деди Барно Абдусаматова

Шунингдек, яна бир мурожаатда нима учун Ўзбекистонга чет элдан мутахассислар келяпти, бизнинг тизим ва тиббиёт ходимларимиз ўз ишларини уддалай олмаяптиларми, дея сўралган.

«Юртимизда тизим ёки шифокорлар ўз ишларини удалай олмадилар дейиш нотўғри бўлади. Коронавирусдан соғайганлар кўрсаткичи ҳам буни исботлаб турибди.

Коронавирус янги ва унинг очилмаган қирралари кўп. У географик тузилишга, об-ҳавога, иқлимга, маҳаллий шароитига ва одамларни олиб бораётган турмуш тарзига қараб турлича кечмоқда. Ҳар бир давлат тавсияларни маҳаллий шароитларга мослашган ҳолда ишлаб чиқади ва ҳар қандай вақтда уни тўлдириши ёки ўзгартириши мумкин. Шунинг учун ривожланган мамлакатларнинг малакали мутахассислари билан мунтазам тажриба алмашиб туриш хозирги кун талабидир. Олимлар турли давлатларга бориб нафақат амалий ёрдам берадилар, балки маҳаллий олимлар билан бирга ҳар бир мамлакатда изланиш ўтказадилар ва даволаш ва касалликни саралаш, ташхис қўйиш бўйича янги, замонавий ва қулай, самарали усулларни кашф этадилар ҳамда тажриба алмашадилар.

Айтиш керакки, чет эл мутахассислари Ўзбекистон танлаган йўли ва тактикасига юқори баҳо бермоқдалар», – деди штаб аъзоси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *