Янги Зеландияда 50дан ортиқ одамни ўлдирган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Суд қарори билан Брентон Таррант муддатидан олдин озод қилиш бўйича ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлмайди. 2019 йилда Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳри ва унга яқин ҳудуддаги масжидларда рўй берган отишма натижасида 51 киши ҳалок бўлди, 40 киши жароҳат олди.

Брентон Таррант /Фото: AP

Янги Зеландия суди 2019 йил март ойида Крайстчерч шаҳри масжидларида отишма содир этган Брентон Таррантни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ўшанда рўй берган фожиа оқибатида 51 киши ҳалок бўлди, 40 киши жароҳат олди. Ҳукм ҳақида New Zealand Herald газетаси хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, суд қарорида кейинчалик муддатидан олдин озод этиш назарда тутилмаган. Бу мамлакат тарихида биринчи маротаба шундай оғир ҳукм чиқарилишидир, деб ёзади газета.

Таррант ҳукм чиқарилишидан аввалги баёнотида ўзини ирқчи ёки ксенофоб деб ҳисоблашдан бош тортди. Унинг таъкидлашича, жамиятда ўзини бадарға қилинган каби ҳис этган ва унга зарар етказишни хоҳлаган. Шу билан бирга, судланувчи ўзининг ҳужуми теракт бўлгани ҳақидаги фикрга қўшилган, деб хабар берди нашр.

Крайстчерч шаҳри ва унга яқин ерда жойлашган Линвуддаги иккита масжидга ҳужум 15 март куни содир бўлган. Отишмадан кейин полиция бир нечта қўлбола портловчи мосламалар топди ҳамда зарарсизлантирди.

Уч киши қўлга олинди, аммо полиция улардан икки нафарини қўйиб юборган, сабаби уларнинг алоқадорлигини исботловчи далил топилмади. Фақат 28 ёшли австралиялик Таррант ҳибсда қолдирилди.

Март ойи охирида у 51та қотилликда айбдор эканини тан олди. Кейинчалик, май ойи охирида, унга терроризм айблови қўйилди.

Бироқ, шундан сўнг, июнь ўрталарида Таррантнинг адвокатлари судда у ўз айбини тан олмаганлигини маълум қилишди. Судланувчининг ўзи мажлисда видеоалоқа орқали қатнашди, у махсус режимдаги қамоқхонада якка тартибда сақланган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *