Янги Ўзбекистон спортининг ғалабаларида замонавий бешкурашнинг ўрни

Спорт – бу инсоният ҳаётининг ажралмас қисмидир. Бу саломатлик ва жисмоний кўрсаткичларнинг яхшиланишига ҳисса қўшади. Мустақилликнинг 29 йили давомида мамлакатда спортни ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Истиқлолга эришилгандан сўнг ватанимизда профессионал спортчилар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлашнинг самарали тизими яратилди. Ушбу мақсадларни амалга ошириш ҳар томонлама соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, иқтидорли ёшларни тарбиялаш, республикада жисмоний тарбия ва спортини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Фуқароларни, айниқса, ёшлар, аёллар ва болаларни соғлом турмуш тарзига жалб этишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонуни ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий асосидир.

Йигит-қизларимиз индивидуал спорт турлари бўйича ажойиб маҳорат намойиш этишиб, нималарга қодир эканликларини амалда кўрсатиб беришмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар самараси натижасида спорт билан шуғулланаётган ҳамюртларимизнинг сони кўпайиб, улар турли халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашмоқда.

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси ўзининг атиги икки йиллик фаолияти давомида ажойиб натижаларга эришди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Хитойнинг Ухань шаҳрида Осиё ва Океания минтақалари учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи лицензион турнир бўлиб ўтди. Мусобақада 13 мамлакатдан 26 спортчи иштирок этди. Унда иштирок этган 2 нафар вакилимиз Алисэ Фахрутнидова ҳамда Александр Савкин ёзги Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритишди. Бу Мустақил Ўзбекистоннинг замонавий бешкураш спортидаги илк улкан ғалабаси сифатида тарихга мухрланди.

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси Ўзбекистонда жисмоний тарбия, спорт ва Олимпия ҳаракатининг ривожланишига ҳисса қўшишда давом этади. Федерация бу натижалар билан тўхтаб қолиш ниятида эмас. Мутасаддилар томонидан спортчиларимизнинг Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун барча имкониятлар ишга солинади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *