Яхшибоевни қандай соврин кутяпти?

Беларусь чемпионати ўзбекистонлик легионер Жасур Яхшибоев учун ҳар томонлама омадли келганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳамюртимиз иштирок этаётган “Шахтёр” сўнгги тур олдидан  мусобақа жадвалида асосий рақобатчиси БАТЭдан бир очкога ортда қолаётган бўлса-да,  ҳали назарий жиҳатдан сўнгги тур олдидан чемпионлик учун даъвогар ҳисобланади. Охирги ўйинда нималар юз бериши мумкинлигини ҳеч ким билмайди.

28 ноябрь куни бўладиган охирги учрашувда Яхшибоев жамоаси ўз майдонида чемпионат ўртамиёнаси “Минск”ни қабул қилади ва катта эҳтимол билан уч очкони қўлга киритади.

БАТЭ эса, сафар учрашувида “Динамо-Минск” меҳмони бўлади. “Динамочилар” ўтган мавсумда совринли ўринлардан  қуруқ қолиб, чемпионатни тўртинчи поғонада якунлаганди. Бу йил борисовликларни енгган тақдирда, учинчи ўринни эгаллаши мумкин. Назарий жиҳатдан бунга имкон бор.

Демак, Беларусда чемпионлик масаласи ҳали ечимини топгани йўқ. Жасур Яхшибоев чемпион бўлишидан умид узмаймиз.

unnamed_72

Ўзбекистонлик легионер тўпурарлар баҳсида БАТЭ ҳужумчиси Максим Скавишга ютақазиб қўйганини тан олишга мажбурмиз. Сўнгги тур олдидан беларуслик тўпурар ҳисобида 19 та гол бор. Жасур Яхшибоев учта тўпга ортда қолмоқда. Энди, Жасур охирги ўйинда камида покер қайд этиб, Скавишнинг гол урмаслиги бу фантастика бўлиб кетади.

Яна ким билади, дейсиз?

Жасур Яхшибоев индивидуал совринларга даъвогарлигини сақлаб қолди. Хусусан, ўзбек футболчиси гол+пас тизими бўйича ҳаммадан яхши натижа қайд этган. Рақиблар дарвозасини 16 маротаба ишғол қилган ҳамюртимиз жамоадошларининг гол уриши учун олтита вазиятда тўпни аниқ ошириб берган. Жасур бу борада 22 очко тўплади.

Гол+пас тизимида унинг энг яқин таъқибчиси Максим Скавиш урган голларидан ташқари бир марта самарали пас узатган ва жами 20 баллга эга. Учинчи ўринда бораётган БАТЭ футболчиси Павел Нихайчик 12 та тўп киритиб, 7 марта ассистентлик қилган ва унинг ҳисобидаги баллар 19 тага етди.

Бундан ташқари, Жасур “Прессбол” танлови бўйича чемпионатнинг энг яхши футболчиси бўлишга асосий даъвогар бўлиб турди. Бу рейтингда футболчиларнинг ҳар бир учрашувда қўлга киритган баллар йиғиндисининг ўрталамаси ҳисобга олинади.

Рейтингда кўтарилиш ва ўз ўрнини сақлаб қолиш учун футболчилар чемпионат давомида барқарор ўйин кўрсатиши керак. Жасур Яхшибоев биринчи даврани “Энергетик-БГУ”, чемпионатнинг иккинчи ярмини “Шахтёр”да ўтказаётганига қарамай, мусобақада мунтазам юқори савияда ўйнамоқда. У илк турларданоқ, энг яхши футболчилар рейтингининг биринчи поғонасига кўтарилиб олди ва ҳозиргача пешқадамликни ҳеч кимга бермай келмоқда.

20201122155403

Якунланган 29 тур натижаларига кўра, Жасур Яхшибоев 26 та учрашувда 5,63 балл жамғарган. Иккинчи ўринда турган БАТЭ етакчиси Игорь Стасевич ҳисобида 5,50 балл бор. Кучли учликни якунлаб турган “Торпедо-БелАЗ”нинг бразилиялик легионери Габриэл Рамос ҳисобида 5,44 балл бор. Жасур охирги учрашувда энг пас балл олган тақдирда ҳам умумий ҳисобда унга ҳеч ким етолмайди.

Рейтинг натижалари билан танишинг:

20201123113503

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *