Яхшибоев Беларуснинг энг яхши футболчиси, деб тан олинишига икки қадам қолди!

Беларусь олий лигасининг 28 та тури якунларига кўра, мусобақанинг энг кучли футболчилари рейтинги янгиланди.

Чемпионат бошидан бери бу рўйхатда ўзбекистонлик легионер Жасур Яхшибоев пешқадамликни ҳеч кимга бермай келмоқда. МАзкур рейтинг, футболчиларга ҳар бир ўйинда берилган баллнинг умумий йиғиндиси асосида шакллантирилади.

Жасур Яхшибоев “Энергетик-БГУ”да ҳам, “Шахтёр”да ҳам етакчи футболчи мақомида юқори савияли ўйин кўратаётгани боис, рейтингда умумий ҳисобда ўртача 5,66 балл билан биринчи ўринда бормоқда.

Энг яхши футболчилар рейтингида ўзбекистонлик легионер энг яқин таъқибчиси – БАТЭ етакчиси Игорь Стасевичда анча илгарилаб келган. Беларуслик ярим ҳимоячи чемпионатнинг сўнгги икки турида энг зўр ўйин кўрсатган тақдирда ҳам умумий ҳисобда Яхшибоев билан тенглаша олмайди. Кучли учликдан эса, “Торпедо-БелАЗ” тўпурари Габриэль Рамос ҳам жой олган.

20201109140023

Шу ўринда, Жасур Яхшибоев тўпурарлар пойгасида ғолиблик учун курашаётганини эслатиб ўтишни жоиз топдик. Беларусь олий лигасида 25 та ўйинда майдонга тушган ҳамюртимиз рақиблар дарвозасини 16 маротаба ишғол қилган. Бу кўрсаткич билан иккинчи ўринда бормоқда. Адолат юзасидан илк маротаба легионер сифатида тўп тепаётган футболчи учун бу ажойиб кўрсаткич эканини тан олишимиз керак.

Қолаверса, Яхшибоев гол+пас тизими бўйича 22 очко билан чемпионатнинг энг сермаҳсул ўйинчиси бўлиб турибди.  Жасур урган голларидан ташқари, жамоадошларининг олтита голига ҳаммуаллифлик қилган.

Тўпурарлар пойгасида БАТЭ ҳужумчиси Максим Скавиш Жасурдан олдинда. У олий лигада жами 27 та ўйинда ўз ҳисобига 17 та гол ёзиб қўйди. Гол+пас тизимида иккинчи поғонада қайд этилган бу ҳужумчи жами 18 очкога эга.   

Демак, Жасур Яхшибоевнинг хориждаги илк мавсумида чемпионатнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилишига икки қадам қолди. Шунингдек, у катта эҳтимол билан гол+пас тизимидаги етакчилигини ҳам ўзида сақлаб қолади.

photo_2020-11-02_15-32-01

Бўлажак икки ўйинда Жасурнинг олдида турган ягона вазифа тўпурарлар баҳсида Максим Скавишдан ўтиб кетиш бўлиб қолаверади.

Энг асосийси эса, “Шахтёр” биринчи ўринда турган БАТЭ билан орадаги бир очколик фарқни йўққа чиқариб, мамлакат чемпионлигини қўлга киритиши керак. Шунда Жасур Яхшибоевнинг муваффақияти тўкис бўлади.

 “Шахтёр” олий лиганинг ҳал қилувчи сўнгги икки ўйинида 22 ноябрь куни сафарда “Рух” ва 28 ноябрда ўз майдонида “Минск” жамоаси билан тўқанашади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *