Ёш триатлончилар учун яна бир мастер-класс ўтказилди

Республикамизнинг турли вилоятларида фаолият олиб бораётган мураббий ва ёш спортчилар учун ташкил қилинаётган маҳорат сабоқлари давом этади. Бугун ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон триатлон федерациясида фаолият олиб бораётган украиналик Виктор Земцев иштирокида бўлиб ўтди. Тадбирни МОҚ ҳамда Ўзбекистон триатлон федерацияси мутасаддилари кузатиб боришди.

Мастер-класс бошида ёш спортчилар енгил гимнастика машқлари билан билан таналарини қиздириб олишди. Шундан сўнг хорижлик мутахассис мушак ва қон-томир соҳалари учун фойдали бўлган ҳаракатлар, планка машқининг бир нечта турлари, кейинчалик югуриш техникалари бўйича ўз маҳоратини улашди. Таъкидлаш жоиз, Виктор Земцев бу гал планка машқларини бажаришга алоҳида эътибор қаратди. Боиси ушбу машқ мушакларнинг деярли барча қисмини ишлатади ва қатор соҳаларда жароҳатланиш хавфини камайтиради.

Албатта, триатлончилар учун ҳам уй шароитида машқ қилиш мураккаб. Бироқ ёш спортчиларимиз вазиятни тушунган ҳолда бунга тўғри ёндашишиб, мураббийларининг кўрсатмалари бўйича уй машғулотларини давом эттиришмоқда. Тадбир якунида ёш спортчилар янги машқлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *