Ёш қиличбозлар ўртасида онлайн мусобақа ўтказилди

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси онлайн тизимда 2006-2007 йиллар ҳамда 2008 йилда туғилган ва ундан кичик ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида қиличбозликнинг шпага йўналишида Ўзбекистон биринчи виртуал чемпионати ўтказилди. Мусобақада республикамиз вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан иштирокчилар ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Ушбу онлайн мусобақа мамлакатимизда қиличбозликни оммалаштириш ва тарғиб қилиш, пандемия даврида ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва спортга мунтазам жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси виртуал рақобат учун иқтидорли ёш спортчиларга қулай имкониятлар тақдим этиш билан, ҳозирда шиддат билан тарқалаётган тождор вирусга қарши туриш учун умумий жавоб чорраҳасида бу каби муҳим ижтимоий тадбирни ўтказишга қарор қилганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Шундай қилиб кечаги қиличбозликнинг шпага йўналишида бўлиб ўтган онлайн мусобақанинг яккалик баҳсларида куч синашган 2006-2007 йилларда туғилган спортчилар ўзларининг бор маҳоратларини намойиш этишди. Ўта қизиқарли ва завқли ўтган мусобақалар натижасига кўра қуйидаги ғолиблар аниқланди.

Ўғил болалар. Яккалик баҳси

1. Комилов Йўлдош (2007) – Навоий вилояти
2. Нурматов Адизбек (2007) – Қорақалпоғистон Республикаси
3. Успанов Батир (2007) – Навоий вилояти
3. Маҳмудов Камрон (2007) – Навоий вилояти.

Қиз болалар. Яккалик баҳси

1. Ўринбоева Шаҳноза (2007) – Қорақалпоғистон Республикаси
2. Маҳмудова Мафтуна (2006) – Бухоро вилояти
3. Муродова Зарина (2007) – Тошкент вилояти
3. Саъдуллаева Гулчеҳра (2006) – Бухоро вилояти.

Бугунги мусобақаларда эса 2008 йилда туғилган ва ундан кичик  ёш тоифасидаги қиличбоз болажонларимиз ғалаба шоҳсупасини эгаллаш учун астойдил курашиб, қиличбозлик борасидаги спорт маҳоратларини намоён этишга муваффақ бўлишди.

Жуда ҳам қизиқарли кечган баҳслар натижасига кўра чемпионлик бахтига Навоийлик Сабина Санаева ҳамда Бухородан 8 ёшлик Муҳаммадали Раҳматовларга насиб этди.

Ўғил болалар. Яккалик баҳси

1. Раҳматов Муҳаммадали (2012й.) – Бухоро вилояти
2. Фаттахов Егор (2009) – National club
3. Рустамов Самир (2008) – Навоий вилояти
3. Наимов Фирдавс (2008) – Бухоро вилояти.

Қиз болалар. Яккалик баҳси

1. Санаева Сабина (2008) – Навоий вилояти
2. Аблакимова Элвина (2009) – Тошкент вилояти
3. Бободжонова Мадина (2008) – Навоий вилояти
3. Жанназарова Шахзода (2009) – Қорақалпоғистон Республикаси.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *