Ўзбекистонга COVID-19’га қарши Японияда ишлаб чиқарилган дори воситалари олиб келинди – Алишер Шодмонов

Ўзбекистонга 200 минг қадоқ Японияда ишлаб чиқарилган «Авиган» (фавипиравир) дори воситаси келтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Шодмоновнинг билдиришича, ҳар битта тез ёрдам станциясида қўшимча тез ёрдам бригадалари, поликлиникаларда мобил гуруҳлар ташкил этилади ҳамда уйида даволанаётган беморларга сифатли ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилади.

«Шифохонада ва уйида даволанаётган барча беморлар учун олий таълим муаасасалари ва республика марказларидаги етакчи олим ва мутахассисларни бириктириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, аҳоли орасида саросимани камайтириш нуқтайи назаридан колл-марказлар сони ҳамда уларда ишлайдиган ходимлар сонини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Куни кеча мамлакатимизга 200 минг қадоқ Японияда ишлаб чиқарилган, энг самарали дорилардан бири бўлган «Авиган» дориси келтирилди. Шифохоналардаги беморларимиз учун етарли миқдорда дорилар мавжуд.

Бундан ташқари, президентимиз томонидан ҳар бир вилоят, ҳар бир туманда дори-дармон захираларини яратиш топшириғи берилди», деди Алишер Шодмонов 15 июлдаги президент видеоселекторидан сўнг.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғилишда вазир Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан биргаликда коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани учун ҳайфсан олди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *