Ўзбекистонда Бутунжаҳон дзюдо куни кенг нишонланмоқда

Маълумки, ҳар йили 28 октябрь куни бутун курраи заминимизда Бутунжаҳон дзюдо куни кенг нишонланади.

Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) таклифи билан бу йилги байрам тантаналари «Биргаликда кучлимиз» (Stronger together) шиори остида ўтказилмоқда.

Бугун Тошкентдаги дзюдо марказида ушбу санага бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, қатор федерацияларнинг раҳбар ва вакиллари, мураббийлар, дзюдочилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, бош котиб Ойбек Касимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Миллий Паралимпия ассоциацияси раис ўринбосари Шариф Мўминжонов ва бошқа сўзга чиққанлар дзюдочиларни байрам билан табриклаб, Токио Олимпиадаси йўлидаги мусобақаларда ғалаба ва омад ёр бўлишини тилашди.

“Бугун бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам “Бутунжаҳон дзюдо куни” кенг нишонланмоқда. Биз ҳам ушбу тадбирга ўз хиссамизни қўшмоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек дзюдоси оиласини ушбу кун билан табриклайман. Насиб қилса, дзюдочиларимиз Токио Олимпиадасида ҳам ғалабали иштироки билан юртимизда спортнинг ривожланишига улкан хисса қўшишади. Ўз навбатида, спортчиларимизнинг мана шундай қулай жойларда шуғулланишлари учун имконият яратиб бераётган муҳтарам Президентимизга ҳам ташаккур айтаман”, – деди Р.Шоабдураҳмонов.

«Сир эмас, дзюдо юртимизда машҳур ва шу билан бирга оммавий спорт тури ҳисобланади. Бу яккакураш спорт тури билан шуғуланаётганлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Улар орасида турли ёшдаги инсонларнинг борлиги дзюдонинг оммавий спорт тури эканини тасдиқлайди. Ҳозирда дзюдо билан фақат профессионал спортчи бўлиб етишиш учунгина эмас, балки ўз саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ҳаётида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш учун ҳам шуғулланишяпти. Фурсатдан фойдаланиб, барча спортчиларга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, ирода ва ғалаба ёр бўлишини тилайман!», – дея ўз табригини изҳор этди А.Камилов.

Шундан сўнг Камол Мурадов ва Ўлмас Гуллиев мураббийлигидаги ёш дзюдочиларимиз татамида ўз чиқишлари билан маҳорат ва иқтидорларини намойиш этишди. Фахрийлар номидан сўзга чиққан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий Владимир Пятаев ёш дзюдочиларга акаларининг изидан бориб, уларга муносиб ворис бўлишга чақирди.

Тадбир якунида фахрий меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди. Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси, Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциациялари эса дзюдочиларга ўз совғаларини тақдим этишди. Маросим сўнггида анъанага мувофиқ байрам торти кесилиб, меҳмонларга тортиқ этилди. Барча қатнашчилар эсдалик учун суратга тушишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *