Ўзбекистонда ВАР ҳакамларини тайёрлаш бўйича машғулотлар ўтказилмоқда

ВАР тизимини Ўзбекистонда жорий этиш ва ўзбекистонлик мутахассисларга ушбу тизимни ўқитиш бўйича ФИФА дастурларидан кенг фойдаланилмоқда. Бу ҳақда ЎФА Матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хусусан, кеча Футбол мутахассисларини тайёрлаш марказида ВАР (Видео Ассистант Реферее) видео ёрдамчи ҳакамлар тайёрлаш бўйича навбатдаги назарий-амалий семинар бўлиб ўтмоқда. Мазкур семинар ВАР тизими билан ишлайдиган ҳакамлар тажрибаларини оширишга хизмат қилади.

ФИФА 2020 ВАР симуляторидан фойдаланган ҳолда семинар қатнашчилари машғулотлар давомида долзарб мавзуларда, хусусан тўпни қўл билан ўйнаш, жарима майдончасидаги қоида бузишлар, офсайд, тактик қоидабузарликлар бўйича ўз малакаларини оширмоқда.

Бундан ташқари, ВАР қайси ҳолатда ҳакамлик жараёнига бевосита таъсирини ўтказа олиши, бош ҳакамга такрорий вазиятни томоша қилишни маслаҳат бериши ёки нотўғри қилинган қарор бўйича хабардор этиши бўйича тавсиялар берилмоқда.

Ҳар бир ҳакам ВАР симуляторидаги машғулоти учун муайян бир вақт ажратилмоқда ва ушбу вақт давомида унинг кўрсатган натижалари ҳисоботи ФИФА га юборилади.

Ҳакамларимиз ВАР кўникмаларини тўлиқ ўзлаштиришлари учун яна бир қанча назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилиши режалаштирилган. Семинарни ФИФА инструктори – Фарҳод Абдуллаев олиб бормоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *