Ўзбекистонда мобил оператор абонентлари рақамини ўзгартирмай бошқа компанияга ўтиши мумкин бўлади

Ўзбекистонда 1 октябрдан мобил телефон рақамини ўзгартирмай, бошқа компанияга ўтиш мумкин бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Вазирлик расмийсининг тасдиқлашича, шундай янгилик кутилмоқда, аммо 1 октябрдан эмас.

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда 1 октябрдан бошлаб абонентлар бошқа уяли алоқа компаниясини танлаганда ҳам телефон рақамини сақлаб қолиши мумкин бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz мухбири бу масалада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳмадов билан боғланди.

Аҳмадовнинг аниқлик киритишича, октябрдан мобил телефон рақамини сақлаган бошқа алоқа компаниясига ўтиш мумкинлиги ҳақиқатдан йироқ. Аммо бундай имконият яқин келажакда пайдо бўлиши кутилмоқда.

«Ижтимоий тармоқларда бу каби гап-сўзларнинг тарқалишига Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгани, ҳужжатга кўра, мобил алоқа оператори ўзгарганда рақамлари ўзгармай қолиши ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган. Мазкур норматив ҳужжат 31 июль куни қабул қилинган бўлса-да, 1 октябрдан кучга кириши белгиланган. Яъни ҳужжат кучга кирди деганда, унда келтирилган хизматлар ҳам ўша заҳоти кучга кириши кўрсатилмаган.

Ушбу ҳужжат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда вазирликнинг тегишли буйруғи билан тасдиқланган. Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Бир компаниядан бошқа компанияга ўз мобил рақами билан ўтиб, янги абонент сифатида ўша компания хизматларидан фойдаланиш дунё тажрибасида бор. Қабул қилинган ҳужжатга асосан, ўзбекистонлик абонентларга ҳам ана шундай имкониятини тақдим этиш ҳаракатлари бошланади. Яъни шу пайтгача бу борада ишларни бошлашимиз учун ҳуқуқий асос йўқ эди.

Хўш, бундан кейинги қадамлар нималардан иборат бўлади? 1 октябрдан бошлаб, алоқа операторлари билан биргаликда рақамни сақлаган ҳолда мобил операторни ўзгартириш тартиби ва шартлари ишлаб чиқилади. Бу жараёнда аҳолига алоқа хизматларини кўрсатиб келаётган мобиль операторларнинг қонуний ҳуқуқ-манфаатларига устуворлик берилади.

Шундан сўнг 2020–2021-йилларда мобил алоқа операторлари томонидан зарур инфратузилма тайёрланади, керакли жиҳоз ва қурилмалар сотиб олиниши керак бўлади. Мен ҳозир алоқа операторларининг техник имкониятлари ҳақида юз фоиз тушунчага эга эмасман, шу сабабли уларнинг номидан гапиришим тўғри бўлмайди. Бу ҳақда улар билан бир стол атрофида бўлиб ўтадиган муҳокамалар чоғида бир қарорга келинади.

Моддий-техник база яратилганидан сўнг, исталган алоқа компаниясидан бошқасига ўзингиз ишлатиб юрган рақамингизни сақлаган ҳолда ўта оласиз. Масалан, сиз UMS ёки Beeline мижозисиз, уларга тегишли перификсни сақлаган ҳолда бошқа компания, дейлик, Ucell ёки UzMobile’га ўтишингиз мумкин бўлади.

Бу барчамиз учун жуда яхши қулайлик деб ўйлайман. Қайси ҳудудда бўлсангиз, қайси мобил компанияни антеннаси яхши ишласа, сизда бошқа компания рақами бўлса ҳам, яхши антеннага эга компаниядан фойдаланишингиз мумкин. Албатта, бунинг учун тажриба зарур.

Биз бу хизматларни мувофиқлаштирувчи вазирлик сифатида, аҳолига алоқа хизматларини тақдим этувчи тадбиркорнинг ҳам, истеъмолчиларнинг ҳам манфаатини бирдек ҳисобга олишимиз керак. Вазирлигимиз ички ҳужжатлари билан тасдиқланган режага кўра, 2021 йил охиригача мазкур тизимни амалиётга тўлиқ жорий этишни режалаштирилган. Бу дегани мазкур иш 2021 йилнинг декабригача чўзилади, дегани эмас; одатда режа тузилганда турли омилларни инобатга олиб узоқроқ муддат белгиланади. Бироқ кўпинча ишлар муддатидан олдинроқ, ҳатто анча олдин бажарилиши тажрибамизда кўп кузатилган», – деди АКТ вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Шерзод Аҳмадов.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *