Ўзбекистонда регби спорт турини янада ривожлантириш мақсадида видеоконференция ташкил этилди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти иштирокида ташкил этилган видеоконференцияда регби спорти масалаларига жиддий эътибор қаратилди.

Ушбу спорт тури юртимизга кириб келганига кўп бўлгани йўқ. Айни пайтда регбини юртимизда оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 октябрдаги ПҚ–4500-сонли «Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Бироқ, Президент қарори билан мамлакатимизда регби спортини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси яратиб қўйилган бўлсада, амалда бажарилаётган ишларни қониқарли, деб бўлмайди.

Ушбу спорт турида ҳам мусобақалар жуда кам, айниқса ўсмирлар ва ёшлар ўртасида мусобақалар мутлақо ўтказилмаяпти. Катталар жамоалари ўртасидаги мусобақалар ҳам гўё расмиятчилик учун ўтказилаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Жамоалар сонини кўпайтириш, регби спорти билан шуғулланиш учун махсус майдонларни яратиш каби масалаларда ҳам муаммолар етарлича.

Хуллас, видеоконференцияда Ўзбекистон регби федерацияси раҳбариятига юртимизда ушбу спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш борасида амалий таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юкланди. Ўз навбатида вазирлик ва қўмита бу борада амалий кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *