Ўзбекистонда тенниснинг ривожланиши (1-қисм)

Ўзбекистонда теннис кўп йиллик анъаналарга эга. Тошкентда биринчи корт 1903 йилда барпо этилган эди. ХХ асрнинг 50-йилларида Республика теннис федерацияси ташкил этилган, унга 1969 йилгача Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти Убай Орипов бошчилик қилган. Унинг ташаббуси билан бир нечта оммавий рисолалар нашр этилган, теннис учун ракеткалар ва коптоклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия институти 1959 йилдан бошлаб теннис бўйича тренерлар ва ўқитувчилар тайёрлашни бошлаган. Шундан кейинги 40 йил мобайнида бу институтни тугаллаган мингтадан кўпроқ профессионал ўқитувчи теннисдан дарс бериб келмоқда. Юз нафардан кўпроқ тренер республика вилоятларида ишламоқда.

1960-1970-йилларда республикада теннис кортлари барпо этиш кенг кўлам олди. 1962 йилда Олмалиқ шаҳрида 2 та корт қурилди, 1980 йилда улар яна учтага кўпайди. Ўша йиллари Самарқандда 5 та, Андижонда 4 та, Бухорода 4 та, Наманганда 7 та янги теннис кортлари пайдо бўлди. Республика пойтахти – Тошкентда эса 58 та корт бор эди.

Теннисни ривожлантиришда 1970 йилда Тошкентда очиқ кортлари бўлган “Динамо” теннис мажмуаси қуриб битказилиши катта аҳамиятга эга бўлди. Ўн йилдан кейин бу ерда яна учта ёпиқ корт барпо қилинди. “Динамо” клуби техник воситалар, жиҳозлар билан таъминланиш даражаси бўйича Европанинг энг яхши спорт мажмуалари, жумладан “Ролан Гаррос”га тенглаштириларди.

1983 йилнинг май-июнь ойларида Тошкентда СССР Халқлари спартакиадаси дастури доирасида теннис бўйича мусобақалар юксак даражада ўтказилди. 1986 йилда Юнусобод мавзесида яна 8 та корт қурилиши ниҳоясига етказилди.

1990 йилда ҳамюртимиз Виктор Богатирев биринчи бўлиб халқаро тоифадаги спорт устаси нормативини бажарди. Ўшанда ватандошимиз Олег Огородов Югославияда ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган Европа биринчилигида иккинчи ўринни эгаллади. У Дмитрий Томашевич билан бирга ўсмирлар терма жамоаси таркибида Жаҳон кубоги соҳиби бўлди. Миллий терма жамоамиз 1991 йилда Спартакиадада ҳам муваффақиятли қатнашиб, Украина ва Россия терма жамоаларидан кейин учинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан, теннисни ривожлантиришга ёндашув сифат жиҳатидан янгича бўлди. Деярли барча вилоят марказларида ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар мактаблари очилди. Натижада теннис билан шуғулланаётганлар сони ҳам тобора кўпайиб борди.

1992 йилнинг сентябрь ойидаёқ Республика теннис федерацияси ITF таркибига ассоциатив аъзо ҳуқуқи билан қабул қилинди. Ўшанда Доминикан Республикасида бўлиб ўтган конгрессда МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистондан ташқари фақат Россия ва Украина ITF таркибига киритилган эди.

1993 йилда ITFнинг ривожлантириш бўлими маъмури Дэвид Мейли Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. У Тошкент ва Самарқанддаги теннис базалари, спортчиларни тайёрлаш тизими билан танишди, биринчи очиқ дарс ўтказди. Ўшанда Ўзбекистонда “Буюк ипак йўли” турнирини ташкил этиш ва ITFнинг минтақада теннисни қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди. Республика федерацияси мамлакатнинг етакчи теннисчилари халқаро турнирларда иштирок этишлари учун ёрдам олди. Шунинг учун икки йиллик танаффусдан кейин Олег Огородов ва Дмитрий Томашевич чет элга йўлланма олишди. Дмитрий Туркияда бўлиб ўтган сателлит мусобақаларида ўзбекистонликлардан биринчи бўлиб Осиё-Океания минтақаси рейтинг очколарини қўлга киритди, Олег эса Тошкентда халқаро мусобақалар финалига чиқишга муваффақ бўлди.

1998 йилнинг 11 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида теннисни янада ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди (https://www.lex.uz/docs/817534?ONDATE=11.09.1998%2000).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *