Ўзбекистонда тенниснинг ривожланиши (2-қисм)

Олег Огородов – Ўзбекистон терма жамоасининг аъзоси, Осиё ўйинларининг кўп карра совриндори, Осиё-Океания минтақасининг жуфтликдаги ғолиби. У 1996 йилда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Атлантада бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида иштирок этган. Теннисчи “Катта дубулға” турнирларининг кўп карра қатнашчиси ҳисобланади. Олег Огородов, шуниндек Australian Open-1996 (Австралия очиқ чемпионати) ҳамда US open-1996 (АҚШ очиқ чемпионати)да, 1997 йилда Wimbledon, 2002 йилда Rolland Garros (Франци очиқ чемпионати) турнирларининг асосий давраларида муваффақиятли қатнашган.

Дмитрий Томашевич 1974 йил 6 мартда Тошкентда таваллуд топган

Дмитрий Томашевич – 1996 йилд АҚШнинг Жоржия штати Атланта шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этган. У 1990 йилда Голландиянинг Роттердам шаҳрида ўтказилган турнирда собиқ Иттифоқ ўсмирлар терма жамоаси таркибида россиялик Евгений Кафельников ва украиналик Дмитрий Томашевич билан бирга иштирок этган. У Халқаро теннис федерациясининг фьючерс мусобақаларида 20 марта совринли ўринларни эгаллаган. Дмитрий Томашевич, шунингдек Федерация кубогида 2009-2017 йилларда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мураббийи бўлган.

Умуман, 1992 йил Ўзбекистон теннис федерацияси учун туб юксалиш нуқтаси бўлган. Биз Халқаро теннис федерациясининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлганмиз. Республикада тенниснинг чинакамига жадал ривожланиши швейцариялик Сассон Какшури номи билан боғлиқдир. Унинг жамоаси Ўзбекистонда ҳар йили ўнга яқин халқаро турнирлар ўтказишга яқиндан ёрдам берган. Бу мусобақаларда турли қитъалардаги кўпгина мамлакатларнинг машҳур теннисчилари иштирок этган. “АТР–Tour” супервайзерлари ушбу мусобақаларнинг ташкил этилишига юқори баҳо берган.

Сассон Какшурининг бу турнирлар туркумидаги энг севимлиси – Ўзбекистон Президенти кубоги мусобақалари эди. У халқаро теннис мусобақалари жадвалидан мустаҳкам ўрин эгаллаган ва АҚШдаги “US Open”дан кейин ўтказилган. Тошкентга Кафельников (Россия), Хенман (Буюк Британия), Россе (Швейцария) каби энг машҳур теннисчилар келган. Президент кубоги мусобақалари ўтказиладиган “Юнусобод” спорт мажмуасига Кифер (Германия), Руседски (Буюк Британия), Паулин (Франция) каби таниқли спортчилар жуда юқори баҳо беришган. Халқаро теннис федерациясининг Нидерландияда бўлиб ўтган Ассамблеясида теннисни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон жаҳонда биринчи ўринни эгаллагани эътироф этилган. Профессионал теннисчилар ассоциацияси эса “ATP-Tour” мусобақалар туркумидаги 75 та турнир орасида Ўзбекистон Президенти кубоги ташкил этилиши бўйича энг яхшиси деб баҳолаб, Ганноверда бизга “Устунлиги учун” мукофотини тақдим этган.

Тошкент, 2002 йил. “Ўзбекистон Президенти кубоги” халқаро теннис турнири. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов турнир ғолиби россиялик Евгений Кафельниковни шахсан ғалаба билан қутламоқда

Бироқ Ўзбекистон Президенти кубогини ўтказиш тўхтатилганига қарамасдан теннис тақвимида бўшлиқ пайдо бўлмади. 2002 йилда Осиё теннис федерацияси билан олти йил давомида теннис бўйича Осиё чемпионатини мамлакатимизда ўтказиш тўғрисида шартнома имзоланди. Ўша пайтдан бери Тошкентда Осиё биринчиликлари ўтказиб келинмоқда, уларнинг нуфузи сезиларли даражада ортди. Мусобақанинг мукофоти миқдори деярли икки бараварга кўпайди. Бундан ташқари яккалик мусобақаларининг ғолиблари Австралия очиқ чемпионатига йўлланма оладиган бўлдилар. Турли йилларда Осиё чемпионатининг ғолиблари бўлган ҳамюртларимиз Австралия очиқ чемпионатига йўлланмани қўлга киритдилар.

Ўзбекистонлик теннисчилар Дэвис кубогида мустақил жамоа сифатида 1994 йилдан иштирок эта бошладилар. Бу мусобақаларни улар энг паст даражадан – Осиё ва Океания зонасининг учинчи гуруҳидан бошлашларига тўғри келди.

Айни пайтда республикада теннис кортларини барпо этиш давом этди. 1997 йилга келиб Ўзбекистондаги кортларнинг сони 790 тадан ортди.

1998 йилдан кейин ўзбек теннисчилари тўрт йил давомида Дэвис кубоги мусобақаларининг жаҳон лигасига чиқиш учун энг кучли теннисчиларига қарши саралаш ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини киритдилар. Спортчиларимиз биринчи гуруҳ тўсиқларидан ўтиб, жаҳон гуруҳидан ўрин олиш мақсадида Австрия, Чехия, Нидерландия ва Испания терма жамоаларига қарши кортга чиқдилар. Жаҳон гуруҳи фақат 16 жамоадан иборат бўлиб, Дэвис кубогида иштирок этиш учун 140 та миллий жамоа танланади. Ҳозирча ана шу эзгу марра забт этилмади. Бироқ ўзбекистонлик теннисчилар норасмий жаҳон чемпионатида қатнашаётган қисқа вақт мобайнида курраи заминимизнинг энг кучли 24 жамоаси қаторидан ўрин олганликлари катта муваффақиятдир. Буни Ўзбекистонда бўлган Халқаро теннис федерациясининг президенти Ричи Бити ҳам таъкидлаган.

Давоми бор . . .

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *