Ўзбекистонда тенниснинг ривожланиши (3-қисм)

Ўзбекистонда теннисни ривожлантириш доирасида «WTA–Тour” туркумидаги аёллар турнири муҳим ўрин эгаллайди.

Эркаклар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти кубогининг биринчи турниридан икки йил кейин – 1996 йилда илк аёллар челленжери ҳам ўтказилди. Ўша пайтдан бошлаб Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар профессионал тенниси баб-баробар ривожланмоқда дейиш мумкин. Ўша икки йиллик тафовут билан Ўзбекистонда эркак ва аёл теннисчилар жаҳон туркумидан ўз жойларини эгаллашди. Аёллар ўртасида Халқаро Тошкент турнири ўсиш поғоналаридан кўтарилиб, тўрт йил ичида «WTA–Тour” мусобақалари қаторидан ўрин олди.

Оддий турнир сифатида кўрилган ва «челленжер» номини олган бу беллашувлар 1999 йилда “WTA–Тour” тўртинчи тоифасининг мусобақалари – ҳозирги пайтда мукофот пули 250 000 доллар бўлган Тошкент очиқ чемпионатига айланди. Бу турнирда турли йилларда мамлакатимизнинг теннис маликалари Ирода Тўлаганова, Оқгул Оманмурадова ва Ивана Исроилова ажойиб ўйин кўрсатишган.

Теннис бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Осиё ва Океаниянинг II зонаси Федерация кубоги(FedCup)да иштирок этади. Улар ўз гуруҳларида мунтазам ғалаба қозонмоқдалар, бироқ ҳозирча мусобақаларнинг финал қисмига чиқа олмаяптилар.

Чет эллик спортчилар ҳар йили Самарқанд, Бухоро шаҳарларида ўтказиладиган эркаклар ўртасидаги “челленжер”, Андижон, Қарши ва Гулистон шаҳарларидаги «фьючерс” мусобақаларига юқори баҳо бермоқдалар. 2009 йилдан бошлаб Ўзбекистонда Наманган, Бухоро ва Қаршида соврин жамғармаси катта бўлган аёллар ўртасида теннис бўйича халқаро мусобақалар ўтказилмоқда. Истеъдодли ёш теннисчиларнинг маҳоратини оширишда Ўзбекистонда ITF шафелигида Тошкент, Наманган, Фарғона ва Қаршида ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган халқаро турнир катта аҳамият касб этмоқда.

 
2009 йилда ITFнинг Мадриддаги Ҳар йилги йиғилишида Ўзбекистон теннис федерациясининг президенти Рустам Иноятов “Теннисни ривожлантириш учун” мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистонда теннисни ҳақли равишда энг оммавий спорт турларидан бири деб айтишади. 2001 йилда ташкил этилган, Дэвис кубоги халқаро турнирига ўхшаш Ўзбекистон кубоги мусобақалари буни тасдиқлайди. Бу мусобақанинг мақсади барча вилоятларни теннисни ривожлантиришга жалб этиш ва Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаларини аниқлашдир. Шунингдек, турнир фақат шаҳарлар ва вилоятларнинг энг кучли жамоаларини аниқлабгина қолмасдан, теннис клублари фаолиятини фаоллаштирди, кортларга ҳам болалар ва ўсмирлар, ҳам катталар ўртасидаги минглаб теннис ишқибозларини жалб этди.

Ўзбекистон теннисчилари мамлакат Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган уч босқичли«Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт ўйинларида мунтазам иштирок этадилар.

2008 йилда “РЕСПУБЛИКА ОЛИМПИЯ ЗАҲИРАЛАРИ ТЕННИС МАКТАБИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА”ги қарор қабул қилинди. https://lex.uz/docs/1349000?ONDATE=29.04.2008%2000

Шундан кейин Тошкентда теннис бўйича Республика Олимпия захиралари мактаби ташкил этилди. Ушбу мактаб-интернат ўзининг ажойиб базасига ва моддий таъминотига эга. Бу ерда ўқитиш учун республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг энг яхши ўсмир теннисчилари танлаб олинди.

Мамлакат пойтахти, вилоятлар марказлари ва ҳатто республиканинг энг олис жойларида жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий теннис спорт мажмуаларининг барпо этилиши, кўп сонли халқаро мусобақаларнинг ташкил этилиши теннисчиларимизга ўз маҳоратларини такомиллаштириш, ўзларини халқаро спорт майдонида намоён этиш ҳамда бугунги кунда Ўзбекистонни жаҳоннинг йирик теннис марказларидан бири деб аташ имконини беради.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *