Ўзбекистон ва Афғонистон электр энергиясини етказиб бериш бўйича 10 йилга мўлжалланган битим имзолади

Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг чуқурлашуви Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 28 август куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар билан учрашув ўтказди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва логистика ҳамкорлигининг долзарб масалалари, шунингдек, Афғонистонда энергетика, темир йўллар қурилиши, савдо ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

“Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линияси қурилишини жадаллаштириш ва тегишли битим лойиҳаси устида ишлаш, шунингдек, Халқаро автотранспорт бўйича битим лойиҳасини имзолашга тайёрлаш доирасида эксперт музокараларини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Темир йўл транспорти соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали транспорт йўлакларини ривожлантиришда ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо айланмасини ошириш, жумладан, трансчегаравий савдони кенгайтириш ва иккала мамлакат бозорларига харидоргир қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этиш мақсадида тегишли инфратузилмани ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилди.

Учрашув давомида икки томонлама келишувларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ҳамда юзага келадиган барча масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида мунтазам алоқалар механизмини жорий этишга ҳам келишиб олинди.

Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг чуқурлашуви Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Учрашув якунида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat компанияси (DABS) ўртасида 10 йил муддатга электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида битим имзоланди, дейилади хабарда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *