Ўзбекистон дзюдо федерацияси Томоо Ториига миннатдорчилик билдиради

Дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби аъзоси, япониялик таниқли мутахассис Томоо Тории ўз ватанига жўнаб кетди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда Тории ўртасидаги шартнома Токио-2020 Олимпиадаси якунига қадар имзоланган эди. Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси эса коронавирус пандемияси сабаб бир йилга сурилди.

Маълумот учун, Томоо Ториининг юртимизга келиши Ўзбекистон ва Япония давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар доирасида амалга оширилган эди. Бир йилга яқин вақт мобайнида тажрибали мутахассис, дунёга машҳур Кодокан мактаби тарбияланувчиси, халқаро йўриқчи (инструктор) Томоо Тории фаолияти давомида орттирган бой тажрибасини барча ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз аъзоларига улашди.

– Ўзбекистонга илк бор 2002 йили келгандим. Ўшанда спортчи эдим. Орадан шунча йил ўтиб, юртингизда мураббий сифатида ишлашга ҳам муваффақ бўлдим. Ўзбекистон дзюдоси барча даврларда қитъа ва жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган. Дунёда ҳам ўзбекистонлик дзюдочиларга алоҳида ҳурмат билан қарашади. Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида дзюдочиларингиз медаллар учун даъвогарлар қаторида эътироф этилади. Мен бу ерга Ўзбекистон дзюдоси ривожига ёрдам бериш учун келгандим. Ўйлайманки, бу миссияни озми-кўпми уддаладим. Афсуски, коронавирус пандемияси сабаб барча ўйлаган режаларимиз амалга ошмай қолди. Насиб қилса, биз келаси йили Токио Олимпиадасида учрашамиз. Ҳаммаси учун раҳмат!», – дейди Тории.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбарияти Томоо Ториига ўзаро ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдиради. Унинг келгуси фаолиятида омад ва зафар тилайди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *