Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойи иштирокчиларига

Ҳурматли анжуман қатнашчилари, азиз меҳмонлар!

Юртимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдек устувор вазифалар янги Ўзбекистон касаба уюшмалари соҳасининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, сўнгги 5 йиллик ташкилот учун жуда ҳам масъулиятли давр бўлганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Касаба уюшмалари давлатимиз раҳбари илгари сурган ғоя ва ташаббусларга ўзининг қатъий ва дадил муносабатини билдириб, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига кириб бора олди.

Хусусан, тизимда аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб этиш, меҳнат жамоаларида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишларини ташкил этишга жиддий аҳамият қаратиб келинади. Буни федерация ўтказаётган спартакиадалар ва спорт мусобақаларидан ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Миллий олимпия қўмитасининг ҳам доимий ҳамкоридир. Мамлакатимизда олимпия ҳаракатини кенг тарғиб этиш, тегишли спорт турларини оммалаштириш борасида ҳам фаоллик кўрсатаётганига бир қатор амалий мисолларни келтирса бўлади. Велоспорт, сузиш, синхрон сузиш, слаломда эшкак эшиш, оғир атлетика каби қатор спорт турлари бўйича турнирлар ташкил этиш, у орқали иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлашдаги жонбозлигини алоҳида эътироф этамиз. Ўзбекистон олимпиячиларига кўрсатаётган бундай ғамхўрлиги ва эътибори учун уларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ўйлаймизки, бу ҳамкорлик келажакда янги босқичда давом этади.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги Қурултой ишига муваффақият тилаган ҳолда, касаба уюшмалари Федерациясининг кейинги фаолиятига ривож, улкан ютуқлар ҳамроҳ бўлсин, деб қоламиз.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси жамоаси

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *