Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ходимлари масофадан туриб ҳам самарали иш ташкил қилишмоқда

Барчага яхши маълум айни дамда мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш мақсадида карантин тизими жорий этилган. Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти ва ходимлари ҳам юртимиздаги эпидемиологик вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда ҳамда ҳукуматимиз томонидан берилган тавсиялар асосида масофадан ишлаш режимига ўтди.

“Мен ҳам бир ватанпарвар ўзбекистонлик сифатида шундай синовли кунларда Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни тўғри ҳис қилган ҳолда уйда қолишга қарор қилдим. Албатта, уйда қолган билан иш ҳам тўхтаб қолмаслиги керак. Айниқса, раҳбар сифатида бу борада бошқаларга ўрнак бўлишим зарур деб ҳисоблайман. Ҳозирда ассоциациянинг барча ходимлари берилган топшириқларни ўз уйларида туриб масофавий тартибда бажаришмоқда.

Гарчи уйда бўлсамда, видеоконференция усулида бўлажак мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари, спортчиларнинг жисмоний ҳолати қай даражада экани ҳақида мураббийлар билан доимий суҳбатлашиб турибман. Улар менга мунтазам равишда терма жамоа аъзолари ўз уйларида якка тартибда машғулот олиб бораётганликлари акс этган видеолавҳаларни юбориб туришади. Бундан ташқари, шахсан спортчиларнинг ота-оналари билан ҳам одатдагидек тез-тез гаплашиб ҳол-аҳвол сўраб, оилавий шароитидан хабар олиб турибман.

Ўйлайманки, бу кунлар ҳам ортда қолади ва тез орада ҳаммаси ўз изига тушади. Фақат бунинг учун ҳаммамиз бир бўлиб, шифокорларнинг тавсияларига амал қилсак бас”, – дейди ассоциация бош котиби Омон Ғофуров.

“Оила аъзоларим билан бу қадар кўп вақт бирга бўлганимни очиғи эслай олмайман. Мен ва оилам ҳукуматимиз ҳамда шифокорлар томонидан берилаётган барча тавсияларга тўлиқ амал қилган ҳолда уйда ўтирибмиз. Одатдаги иш режимида оилам учун етарли вақт ажрата олмаётган эдим. Энди улар билан кўп вақт бирга эканлигимдан хурсандман”, – дейди ассоциация мусобақаларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўлими етакчи мутахассиси Абдуқуддус Нурматов.

Шу ўринда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси шифокорлари ва психологлари мунтазам равишда спортчилар билан алоқада эканликлари, уларнинг соғлигидан доимо хабардор бўлиб, ўзларининг керакли тавсияларини бераётганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.

“Биз шифкорлар карантин пайтида спортчилар билан энг кўп алоқада бўлишимиз керак бўлган инсонлармиз. Шахсан мен Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга асосан кунлик гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаёт тарзини олиб боришлари, тана ҳароратини ўлчаб туришлари ва шикоятлари бўйича алоҳида тузилган телеграм гуруҳимизда назорат қилиб бораман. Ҳозирча паралимпия спортчиларининг барчаси соғ-саломат”, – дейди ассоциация врачи Рустам Усмонов.

Ассоциация диетологи Элдор Бўрибоев ҳам масофадан туриб ўз ишини фаол олиб бормоқда. У ҳам паралимпиячиларимиз билан боғланиб, уларга озиқ-овқат хавфсизлигига риоя қилиш бўйича керакли тавсияларини мунтазам бериб бормоқда.

Мураббийлар ҳам доимий равишда ўз шогирдлари билан алоқада бўлиб туришибди. Улар спортчиларга уй шароитида қандай машғулот ўтказиш бўйича ўзларининг керакли тавсияларини бершмоқда.

“Мамлакатимизда карантин даври якунлангунича шогирдларим ўз уйларида менинг берадиган топшириқларим асосида индивидуал машғулот олиб боришади. Улар менга кунлик машғулот жараёнларини тасвирга олиб юборишади, мен эса уларни диққат билан кузатиб, хато ва камчиликларини айтиб тураман”, – дейди парадзюдо бўйича терма жамоа мураббийи Дилноза Баҳромова.

Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси барча ҳамюртларимизни яна бир бор хушёрликка чорлайди ва давлатимиз раҳбарининг, ҳукуматимизнинг, шифокорларнинг тавсияларига қатъий риоя қилишни сўрайди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *