Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев билан интервью

Хабарингиз бор, коронавирус пандемиясининг дунё бўйлаб кенг тарқалиши ортидан Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинлари келаси йилга қолдирилди. Бу ҳолат Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг режаларини ўзгартиргани рост.

Ассоциация матбуот хизмати шу ва бошқа масалалар юзасидан ташкилот раиси Мухторхон Ташходжаев билан суҳбат уюштирди.

-Муторхон Махсудович, Токио Паралимпия ўйинлари 2021 йилга қолдирилди. Дастлаб шу ҳақдаги фикрингизни билдириб ўтсангиз.

-Албатта, коронавирус пандемияси бутун Ер юзини ташвишга солмоқда. Бундай оғир вазиятда Паралимпия ўйинларининг қолдирилиши энг тўғри қарор бўлди деб ҳисоблайман. Боиси, ташкилотчилар нафақат спортчиларни, балки, ўйинларни томоша қилиш учун бутун дунёдан келадиган минглаб инсонларнинг ҳам саломатлиги ўйлашлари керак.

-Ассоциация ходимлари масофадан туриб иш ташкил қилишяптими?

-Айни дамда бутун дунё коронавирус пандемиясига қарши курашяпти. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида юртимизда ҳам ушбу вируснинг кенг тарқалишини олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар мунтазам амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ҳам мамлакатимиздаги эпидемиологик вазиятни тўғри ҳис қилган ҳолда, ҳукуматимиз ва шифокорларнинг тавсияларига кўра масофадан туриб иш ташкил қилган. Ҳозирда ассоциациянинг барча ходимлари берилган топшириқларни ўз уйларида туриб масофавий тартибда бажаришмоқда.

Бўлажак мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари, спортчиларнинг жисмоний ҳолати қай даражада экани ҳақида мураббийлар билан доимий суҳбатлашиб турибман. Ўз навбатида улар ҳам менга мунтазам равишда терма жамоа аъзолари ўз уйларида якка тартибда машғулот олиб бораётганликлари акс этган видеолавҳаларни юбориб туришади. Бундан ташқари, шахсан спортчиларнинг ота-оналари билан ҳам одатдагидек тез-тез гаплашиб ҳол-аҳвол сўраб, оилавий шароитидан хабар олиб турибман.

Шунингдек, Халқаро Паралимпия ассоциацияси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳам мунтазам алоқада бўлиб, янгиликлардан боҳабар бўлиб турибмиз.

Шу ўринда ассоциация шифокорлари ва психологлари доимий равишда спортчилар билан куну-тун алоқада эканликлари, уларнинг соғлигидан доимо хабардор бўлиб, ўзларининг керакли тавсияларини бериб боришаётганини ҳам айтиб ўтишим лозим.

Ассоциациянинг расмий сайти ҳисобланган paralympic.uz ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида терма жамоа аъзоларининг кунлик машғулот жараёнлари, уларнинг карантин пайтидаги бўш вақтларида амалга ошираётган ишлари мунтазам ёритиб борилмоқда. Жумладан, #Уйда_тайёрлаймиз ва #Шеърхонлик деб номланган челленжлар орқали паралимпиячиларнинг спортдан ташқари соҳаларда ҳам қобилиятли эканликлари оммага кўрсатиб берилмоқда. Бундан ташқари, карантин даврида ассоциация раҳбарияти, ходимлар, спортчилар ва мураббийлар билан интервьюлар ташкил этилиб, ташкилот расмий сайтига қўйиб борилмоқда.

Ўйлайманки, бу кунлар ҳам ортда қолади ва тез орада ҳаммаси ўз изига тушади. Фақат бунинг учун ҳаммамиз бир бўлиб, тавсияларига амал қилсак бас.

-Паралимпия ўйинларининг қолдирилгани паралимпия спортчиларининг тайёргарлик режаларини қанчалик ўзгартириб юборди?

-Мусобақанинг қолдирилиши бир томондан спортчиларимизнинг режаларини ўзгартириб ташлади десак ҳам бўлади. Чунки, ҳар бир спортчи Паралимпия ўйинларига тўрт йил давомида тайёргарлик кўриб, ўша пайтга мўлжаллаб ўз спорт формасини энг юқори даражага олиб чиқади. Аммо, иккинчи томондан ўйинларнинг келаси йилга қолдирилгани спортчилар учун ўз хатолари устида ишлаб, янада кучлироқ тайёргарлик кўриш учун қўшимча вақт беради. Қолаверса, энди психологларимиз ҳам кўзланган натижага эришиш учун спортчилар билан янада кўпроқ иш олиб боришади.

Параканоэчилар машғулот жараёни

Айтишим керакки, Паралимпия ўйинларининг қолдирилгани барчамизни бирдек хотиржам қилди. Биласиз, айни дамда мамлакатимизда карантин жорий этилган. Шу боис барча ўқув-йиғинлари бекор қилинди ва спортчилар уйларига жўнатиб юборилди. Улар ҳозир уй шароитида шуғулланишмоқда. Лекин, барча спорт турида ҳам уйда тўлақонли шуғулланишнинг имкони йўқ. Масалан, сузиш, енгил атлетика ва яна бир қатор спорт турлари учун махсус шароит бўлиши керак. Спортчи бир кун машғулотларни қолдирса, унинг натижалари пастлаб бораверади. Агар, Паралимпия ўйинлари қолдирилмаган тақдирда, кўплаб машғулотларни ўтказиб юборган спортчиларимиз мусобақада муносиб иштирок эта олмасликлари мумкин эди.

Ҳар бир нарсада бир ҳикмат бор деб бежизга айтишмайди. Ўйлайманки, Паралимпия ўйинларининг қолдирилиши ҳам яхшиликка хизмат қилади.

Рио-2016 Паралимпия ўйинлари

-Риодаги мусобақаларда Ўзбекистондан 31 нафар паралимпиячи иштирок этган ва якунда 32 та медалга сазовор бўлган эди. Токиодаги Паралимпия ўйинларидан қандай натижалар кутиляпти?

-Токиода биз янада юқори натижаларни кўзлаб турибмиз. Насиб қилса, лицензиялар сони бўйича ҳам, медаллар бўйича ҳам Риодаги натижаларни яхшилаймиз. Шу ўринда айтмоқчиманки, ассоциация йилдан-йилга спорт турлари сонини ошириб бормоқда. Бразилиядаги ўйинларда спортчиларимиз жами 5 та спорт тури бўйича  иштирок этишган бўлишса, келгуси йил бўладиган мусобақада 7-8 та спорт туридан қатнашиш ниятидамиз. Паралимпия ўйинларига янги қўшилган Пара таэквондо бўйича ҳам спортчимиз Гулжаной Наимова Токио-2020га йўлланмани қўлга киритди. Қолаверса, Пара академик эшкак эшиш бўйича ҳам лицензияларга эга бўлиш имкониятимиз бор.

Рио-2016 Паралимпия ўйинлари

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев спортчиларимизнинг Токиода муносиб иштирок этишларини таъминлаш мақсадида барча шароитларни мухайё қилганини алоҳида эътироф этиш лозим. Маблағ дейсизми, дори воситаларими, ўқув-машғулот йиғинларими, қўйингки барчаси аъло даражада ташкиллаштирилмоқда. Спортчиларнинг саломатлиги, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини доимий назорат қилиш мақсадида ассоциациямизга қўшимча врач, массажист, психолог, диетолог штатлари ажратилди. Энди фақатгина спортчилардан Президентимизнинг ушбу ғамхўрликларига лаббай деб жавоб қайтариш қолди холос. Ўйлайманки, улар ҳам буларнинг барчасини жуда яхши ҳис қилган ҳолда Токиодан медаллар шодаси билан қайтишни кўзлашмоқда.

-Вилоятларда Паралимпия спортини ривожлантириш масаласи қандай ечим топмоқда?

-Юқорида айтиб ўтганимдек, Паралимпия ассоциацияси йилдан-йилга спорт турлари сонини янада ошириб боришни мақсад қилган. Шу пайтгача бизда Паралимпия ўйинларига киритилган фақатгина 7-8 та спорт тури ривожланган эди холос. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги кўмагида 2020 йилда спорт турлари сонини 20 тага етказамиз. Голбол, футбол, от спорти, стол тенниси, велоспорт, қиличбозлик, триатлон, бадминтон, камондан отиш ҳамда тоғ чанғиси каби янги спорт турлари бўйича мураббийлар ишга қабул қилинди ва улар фаолиятини бошлашди. Табиийки, бу спорт турларини ривожлантириш учун юртимиздаги имконияти чекланган ёшларни спортга жалб этиб, уларни ўз иқтидорларига қараб спорт турларига йўналтиришимиз лозим. Уларни спортга қизиқтириш мақсадида имконияти чекланган ўқувчилар таҳсил олаётган таълим муассасаларига бориб, у ерда машҳур спортчиларимиз иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва турли мусобақалар ташкил этиб келяпмиз. Ўйлайманки, тез орада юртимизда Паралимпия спортига қизиқувчилар сони янада ортади.

3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунига бағишланган тантанали тадбир

Ҳозирги кунда республикамизнинг барча вилоятларида бизнинг вакилларимиз Паралимпия спортини тарғиб қилиб, унга қизиқиш билдирган ёшларни саралаб олишмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси Президентимизнинг қишки спорт турларини ривожлантириш бўйича имзолаган қарорларига биноан мамлакатимизда қишки спорт турларини янада оммалаштириш ва 2022 Хитойда бўлиб ўтадиган қишки Паралимпия ўйинларида муносиб иштирок этишни режалаштираётганини ҳам айтиб ўтишим лозим.

-Паралимпия ассоциацияси халқаро ташкилотлар билан қандай иш олиб бормоқда?

-Ассоциациямизнинг ўз олдига қўйган мақсадларидан бири халқаро алоқаларни ривожлантириш ва бу орқали юртимиз довруғини янада кенг ёйишдан иборат. Таъкидлаш лозимки, ташкилотимиз ўтган давр мобайнида бу борада салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, Халқаро кўзи ожизлар спорти ассоциацияси (IBSA) ҳамда Халқаро дзюдо федерацияси билан ҳамкорликда 2019 йилнинг 23-24 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги кўп тармоқли “Ҳумо Арена” муз саройида Халқаро гран-при ўтказдик. Келажакда мамлакатимизда бу каби йирик мусобақаларни доимий равишда ташкил этишни мақсад қилганмиз.

Мухторхон Ташходжаев Халқаро кўзи ожислар спорти ассоциацияси (IBSA) спорт директори Тардос Жейнос ва Осиё ва Океания спорт комиссари Жеёнг Гисикни билан

Бундан ташқари, ривожланган халқаро паралимпия ассоциациялари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бунинг натижасида, спортчиларимиз бошқа давлат спортчилари билан биргаликда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишмоқда. Масалан, яқинда қозоғистонлик параканоэчилар Тошкент вилоятидаги Туябўғиз сув омборида ўқув-машғулот йиғини ўтказишди. Бундан ташқари, Бўстонлиқда қозоғистонлик паратаэквондочилар билан халқаро ўқув-машғулот йиғини ташкил этилди. Бундай мисолларни жуда кўп келтиришим мумкин.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

-Ассоциация спортчилари шуғулланишлари учун яна қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида инфротузилмада қандай ўзгаришлар бўлади. Шу ҳақда ҳам гапириб берсангиз.

-Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти кўмагида ассоциация худудида жойлашган бино ва иншоотлар қайта реконструкция қилинмоқда. Жумладан, спортчиларнинг янада қулай ҳолатда тиббий хизматлардан ҳамда массаж хизматларидан фойдаланишлари учун замонавий хоналар, ётоқхона, ошхона ҳамда ювиниш жойлари қайта таъмирланиб, янада чиройли ҳолатга келтирилмоқда.

Мухторхон Ташходжаев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитеси президенти
Рустам Шоабдураҳмоновни янги лойиҳалар билан таништирмоқда

Сўзим якунида Паралимпия спортчиларига ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратаётганликлари учун Муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу каби эътибор ва ғамхўрлик шу пайтгача бўлмаган эди. Ишонтириб айтишим мумкинки, Янги Ўзбекистонни қуришда паралимпиячилар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини албатта қўшишади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *