“Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнири дунё полвонларини чорлайди

Ўтган ой давомида оғир атлетика бўйича илк бор халқаро онлайн мусобақа ташкил қилиниб, мазкур турнир кўплаб мутахассислар, кенг спорт жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотган эди. Вакилларимизнинг муваффақиятли иштирокидан руҳланган Ўзбекистон оғир атлетика федерация ҳам жонбозлик кўрсатиб, ана шундай йирик турнир ўтказиш ташаббусини илгари сурди ва ушбу спорт тури бўйича “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнирини ташкил қилмоқда.

Бугун Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг расмий вакиллари мана шу масалага бағишлганган видеоконференция ташкил қилишди. Унда IWF номидан ташкилот вице-президенти, техник қўмита раиси Нико Влад, IWF вице-президенти, ривожланиш ва таълим комиссияси бошлиғи Хосе Карлос Куэнёс ва бошқа бир қатор мартабали вакиллар, мамлакатимиз томонидан Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, IWF Ижроия қўмитаси аъзоси Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигидаги федерацияси вакиллари қатнашди. Кун тартибидан 28-30 август кунлари “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнирини ташкил қилиш масаласи ўрин олди. Таъкидлаш жоиз, халқаро мутасаддилар мазкур ташаббусни катта қизиқиш билан қўллаб-қувватлашди. Суҳбат якунида томонлар ушбу баҳсларни катта масштабда ёритиб бориш борасида келишиб олишди.

Юртимизнинг бундай ташаббус кўрсатаётганини эшитган ҳамоно бир қатор мамлакатлар, жумладан, Саудия Арабистони, Хитой, Қозоғистон, Латвия, АҚШ каби терма жамоалар ушбу турнирда иштирок этиш истагини билдиришган. Умуман олганда, бўлажак мусобақада 40 га яқин мамлакат вакиллари иштироки кутилмоқда. Ўз навбатида, карантин даврида бўлишимизга қарамасдан, мамлакатимиз спорти ривожи йўлида ташкил қилинаётган мазкур мусобақанинг ўтказилишига ҳукуматимиз ҳам хайрихоҳлик билдираётганини таъкидлаш жоиз. Бу борада мусобақа ғолиб ва совриндорлари учун пул мукофотлари ажратилиши маълум қилинди. Бу эса мусобақага бўлган қизиқишнинг янада ортишига сабаб бўлади.

Ўтган ой ўтказилган илк халқаро онлайн турнир ташаббускори Лотин Америка давлатлари бўлиб, беллашувлар ҳам ушбу минтақа вақтига қараб белгилангани боис, вакилларимиз бизнинг вақт билан ярим тунда чиқиш қилишган эди. Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил қилинадиган бўлажак мусобақа эса Тошкент вақти билан ўтказилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *