Ўзбекистон триатлон ва сув спорти турлари федерациялари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Бугун Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон триатлон ва сув спорти турлари федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари в.б. Шерзод Ташматов, спортчи ва мураббийлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Тадбир аввалида О.Касимов бўлажак меморандумнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Шу кунгача Ўзбекистон триатлон федерациясининг енгил атлетика ва велосипед спорти федерациялари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолашганларига гувоҳ бўлган эдик. Бугун сув спорти турлари федерацияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Илгари триатлонни мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг бир бўлими сифатида билар эдик. Ҳозирда ушбу спорт тури юртимизда ўз федерацияси ва мухлисларига эга бўлиб улгурди. Триатлон таркибига кирадиган 3 спорт тури (сузиш, югуриш ва велоспорт) мамлакатимизда оммавий спорт тарғиботида катта масштабни қамраб олмоқда. Бу каби ҳамкорлик ҳужжатларининг имзоланиши ўзбек спорти учун фақат ютуқ бўлиб хизмат қилади”, – деди Ойбек Касимов.

Шундан сўнг федерациялар бош котиблари Елена Кун ҳамда Алишер Ғаниев томонидан ҳар икки федерация ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, спортчилар иштирокида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш, ўзаро тажриба алмашиш каби вазифалар амалга оширилади. Таъкидлаш жоиз, бу борада дастлабки қадам янги ҳафтанинг ўзидаёқ ташланмоқда. Унда ҳар икки терма жамоа спортчилари ҳамкорликдаги машғулот ўтказиши режалаштирилган.

IШунингдек, анжуман давомида мутасаддилар тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *