Ўзбекистон чемпионатининг тантанали очилиш маросими ўтказилди

Пойтахтимиздаги Мудофаа вазирлигига қарашли МҲСК спорт мажумаси залида ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Уч кун давомида жами 20 та вазн тоифасида мамлакатимизнинг 2005-2006 йилларда таваллуд топган энг кучли ўсмир дзюдочилари аниқланади. Мусобақа иштирокчилари сонининг 800 нафардан зиёд экани беллашувларнинг муросасиз ўтишига замин яратмоқда.

Мусобақанинг иккинчи кун кечки дастурида тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт, Халқ таълими ҳамда Мудофа вазирликлари, МОҚ мутасадди раҳбарлари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда барча спорт турлари қатори дзюдо ҳам йилдан-йилга ривожланиб, ушбу яккакураш билан шуғулланаётганлар сони ортиб бораётгани ҳамда ҳукуматимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани таъкидлашди.

«Сир эмас, ўзбек дзюдоси нафақат минтақа, балки дунёда ҳам ўз ўрни ва мавқейига эга ҳисобланади. Ҳозирда терма жамоамиз аъзолари дзюдо ватани – Токиода ўтказиладиган Олимпия ўйинлари йўлидаги муҳим рейтинг мусобақаларига тайёргарлик кўришяпти. Уларни номма-ном айтмасак ҳам бундан яхши хабардорсиз. Ушбу ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионати иштирокчилари орасидан ҳам яқин йилларда терма жамоа сафида Олимпиадада шохсупага кўтариладиган дзюдочилар етишиб чиқишига ишонаман. Бу мусобақада биз янги номлар, янги чемпионларни кашф этамиз. Насиб қилса, айнан сизлар яқин келажакда ўзбек дзюдоси юлдузларига айланасизлар. Бунинг учун ўз устингизда ишлашдан, меҳнат қилишдан тўхтаманг«, – деди МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов.

Шундан сўнг Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи кунги баҳслари доирасида жами 8 та вазн тоифасидаги финал беллашувларига навбат берилди.

Маълумот учун, ўсмирлар ўртасидаги мамлакат чемпионати 2020 йилги Ўзбекистон дзюдо федерацияси тақвим режасидан ўрин олган охирги мусобақа ҳисобланади. Бунгача ёшлар ҳамда катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ҳам юқори савияда ташкил этилган эди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *