Ўктам Бекпўлатов: “Машғулотлар кўтаринки руҳда ўтмоқда”

Хабар берганимиздек, каратэ WKF бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзолари Тошкент вилоятида жойлашган “Ширинбулоқ” спорт-соғломлаштириш базасида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказмоқда. Узоқ танаффусдан сўнг ташкил этилган ушбу йиғин ҳақида терма жамоа катта мураббийи Ўктам Бекпўлатов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Авваламбор, яратилган барча шароитлар учун ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ўқув-машғулот йиғинлари жуда яхши ўтказилмоқда. Дастлабки кунларданоқ биз машғулотларни тикланиш машқлари билан бошладик. Ҳозирда юкламаларни босқичма-босқич ошириб бормоқдамиз, спортчиларнинг шаштидан кўриниб турибдики, улар машғулотларни қаттиқ соғинишган. Атлетларимиз фаол юкламалар ва машғулотларга қайтганидан жуда хурсанд. Куч-қувватга тўла каратэчиларимиз билан машғулотлар кунига икки марта бўлиб ўтмоқда.

Маълумки каратэ бўйича барча мусобақалар келгуси йилга қолдирилди, лекин биз спортчиларнинг яхши спорт формасида бўлишларини таъминлаш мақсадида машғулотларни давом эттирамиз. Бугунги кундаги асосий мақсадимиз – 2021 йилнинг апрель ойида Марокашда ўтадиган Токио Олимпиадасига рейтинг очколарни тақдим этувчи турнирда иштирок этиш ва июнь ойида Парижда ўтказиладиган лицензион мусобақада Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиш.

Биз умумий вазиятнинг барқарорлашишини кутмоқдамиз ва умид қиламизки, маҳаллий ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритамиз”.

Эслатиб ўтамиз, йиғинда 12 нафар спортчимиз иштирок этмоқда. Машғулотлар терма жамоамиз бош мураббийи Дилноза Бакирова ва катта мураббий Ўктам Бекпўлатов бошчилигида ўтказилмоқда. Каратэчиларнинг саломатлиги мутахассислар назоратида бўлиб турибди. ЎМЙ 29 сентябрь кунига қадар давом этади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *