Ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари учун гриппга қарши 1 миллион дозадан ортиқ вакцина етказиб берилади

Россиядан гриппга қарши «Совигрипп» ва «Флю-М» вакцинаси олинмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари учун 1 миллион дозадан ортиқ гриппга қарши вакцина етказиб берилишини маълум қилди.

«Мамлакатимиз президентининг шу йил 26 августдаги «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида юртимиздаги барча мактабгача таълим, бошланғич, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ходимлари марказлашган тартибда гриппга қарши эмланиши кўзда тутилган эди. Уларни эмлаш бўйича ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида айни кунларда ишлар давом этмоқда.

«Дори-дармон» АЖ Россиянинг гриппга қарши вакцина ишлаб чиқарувчилари билан 1 миллион дозадан ортиқ гриппга қарши вакцинани харид қилиш бўйича шартнома тузди. Ҳозирда «Совигрипп» вакцинасининг 250 минг дозаси ҳудудларга етказиб берилди. 

Бундан ташқари, 15 октябрга қадар 40 минг доза, 30 октябрга қадар 250 минг доза, ноябрь ойида эса 500 минг доза «Флю-М» вакцинасини етказиб бериш мўлжалланган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Аввалроқ Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова гриппга қарши вакцина олиш даражасининг ортиши куз-қиш мавсумида аҳоли орасида нафас йўли касалликлари ва коронавирус пандемияси пайтида соғлиқни сақлаш тизимига бўлаётган зўриқишни камайтиришини айтиб ўтганди.

У мавсумий гриппга қарши вакцина организмда 15 кун ичида микробларга қарши иммунитет ишлаб чиқиши, таъсир кучи 1 йилга етишини, махсус ташкил қилинган эмлаш марказларига борган ҳолда эмланиш мумкинлигини айтиб ўтганди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *