Ўқишга қабул давом этади: вазирлик нодавлат ОТМлар, коллеж ва техникумларга ҳужжатлар қабули давом этаётганини эслатди

Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони сўнгги уч йил ичида 47 тага кўпайиб, 125 тага етди. Ўз йўналишида таянч олий ўқув юрти ҳисобланган барча етакчи университет ва институтларнинг республика бўйлаб филиаллари ташкил этилган, дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан Kun.uz’га тақдим этилган ахборотда.

Қайд этилишича, бу йил ОТМлар бакалавриатига кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларида жами 162 364 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинади. Натижада битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш 2016 йилдаги 9 фоиздан 25 фоизгача кўтарилади.

«Шундай бўлса-да, ёшларда олий маълумот олишга бўлган қизиқишнинг юқорилиги ва қабул квоталари ҳозирча уларнинг эҳтиёжини тўлиқ қоплай олмаётганини ҳисобга олиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан улар учун янги имкониятлар яратиб берилмоқда.

Жумладан, ОТМларда МДҲ ва Европанинг қатор нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликдаги double degree таълим дастурлари асосида ўқитиш қамрови кенгаймоқда. Биргина ўтган ўқув йилининг ўзида АҚШ, Германия, Франция Италия, Финляндия, Нидерландия, Туркия, Индонезия, Исроил ва бошқа 22 та давлатнинг 104 та етакчи университетлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида бакалавриатнинг 83 та таълим йўналиши ва магистратуранинг 64 та мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

2020/2021 ўқув йилида ҳам хорижий ҳамкор университетлар ва қўшма таълим дастурлари давом эттирилиб, ҳозирда қатор ОТМларда қабул давом этмоқда. Жумладан, Андижон давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Урганч давлат университети, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Наманган давлат университети, Қўқон давлат педагогика институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти, Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Жиззах политехника институти ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида қўшма таълим дастурларига қабул давом этмоқда», – дейилади вазирлик ахборотида.

Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШ, Буюк Британия, Корея Республикаси, Россия, Ҳиндистон, Сингапур, Малайзия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда 22 та хорижий ОТМ ва филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Уларда ахборот технологиялари, халқаро ҳуқуқ ва муносабатлар, бизнесни бошқариш, дастурлаш ва бошқа замонавий йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади.

Айни кунларда хорижий ОТМлардан Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиалида ҳамда TEAM университети, Фарғона шаҳрида Корея халқаро университети каби нодавлат ОТМларда абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш давом этмоқда.

«Шунингдек, республикадаги қатор олий таълим муассасалари ҳузурида тайёрлов курслари фаолияти йўлга қўйилиб, қулай шартлар ва қатор имтиёзлар асосида абитуриентларни ўқишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Мисол учун, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан ҳамкорликда тайёрлов курслари ташкил этилган. Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган ва сертификатни қўлга киритган тингловчилар қўшма дастурга ўқишга тўғридан тўғри қабул қилинади», – дея маълум қилмоқда ОЎМТВ.

Бундан ташқари, қайд этилишича, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юртимизда янги профессионал таълим тизими ташкил этилиб, уларда таҳсил олувчиларга ҳам қатор имтиёзлар берилди. Мисол учун, техникумларда икки йиллик таҳсилдан сўнг фанларни ўзлаштиришда алоҳида муваффақиятларга эришган битирувчилар ўқиган касби бўйича ОТМга суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади. Ҳозирда юртимиздаги 201 та коллеж ва 185 та техникумга қабул жараёни давом этмоқда. Ҳужжатлар шу йилнинг 25 сентябрига қадар қабул қилинади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *