Қайси мутахассис “Навбаҳор”ни совриндорлар қаторига олиб чиқади?

Сўнгги кунларда “Навбаҳор” клуби атрофидаги гап-сўзлар футболга бефарқ бўлмаган инсонларнинг эътиборини ўзига тортаётгани аниқ. Маълумки, ушбу мавсум клуб учун ўзи истаган даражада муваффақиятли кечмади. Чемпионатда 8-ўрин билан чекланган бўлса, Ўзбекистон Кубогида чорак финалда иштирокини тўхтатди.

Жамоадан доим максимал натижаларни талаб қиладиган маҳаллий мухлисларни эса “Навбаҳор”нинг жорий мавсумдаги иштироки қониқтирмагани табиий ҳол. Клуб раҳбарияти эса бу йил амалга ошмаган мақсадларини энди келаси мавсумда амалга оширмоқчи.

Матбуотда “Навбаҳор”га Самвел Бабаяннинг бош мураббий бўлиши ҳақидаги хабарлар кенг тарқалмоқда. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, деганларидек, бундай гап-сўзлар бежиз эмас. Аммо ҳали  раҳбарият бу борада бош мураббий номини расман эълон қилгани йўқ. Лекин аниғи шуки, “Навбаҳор” чиндан ҳам Бабаян билан музокараларни олиб борган. Ушбу хабар юзасидан мутахассиснинг ўзи билан боғланганимизда ҳам “Навбаҳор” билан музокаралар бўлганини тан олди. Балки томонлар аллақачон ишни “пишитиб” қўйишгандир, балки ҳали бир тўхтамга келишмагандир, бу ёғи бизга қоронғу. Лекин маълумотларга қараганда, бош мураббий масаласи тез кунларда ҳал этилади.

Яна бир гап: клуб раҳбариятининг шорт-листида яна бошқа номзодлар ҳам бор. Жумладан, бош мураббийликка хорижлик мутахассиснинг ҳам варианти бўлса бундан ажабланмаймиз. Лекин бу қанчалик ўзини оқларкин, билмадик. Ҳар холда Андрей Канчельскис мисолида айтишимиз мумкинки, “Навбаҳор” хорижлик мутахассис билан ҳеч нимага эриша олмади. Ундан кўра, ўзимизнинг маҳаллий кадр ҳисобланган Нўъмон Ҳасанов ҳартугул Канчельскисдан кўра самаралироқ иш олиб борди. Яқинда “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев айтганидек, россиялик мураббийнинг қандайлигини энди яқиндан биламиз. Шундай омилларни ҳисобга олсак, “Навбаҳор” раҳбарияти хорижлик мураббийга қизиқаётган бўлса, унда етти ўлчаб бир кесиши лозим.

Одатда “Навбаҳор” ҳар йили мавсум олдидан совринли ўринлар учун курашиш асосий вазифа эканлигини маълум қилади. Шунга яраша мураббийлар жалб этиладию, бироқ чемпионат якунига келганда наманганликларни кучли учталикдан топа олмаймиз. Хўш, бу сафарги уриниш қандай бўларкин? Қайси мутахассис клубни совриндорлар қаторига олиб чиқа олади? Шубҳасиз, “Навбаҳор”га келадиган мураббийнинг олдига  ниманидир ютиш вазифаси қўйилади, бу аниқ. Қизиғи, клуб бундай мақсадини қайси мураббий билан амалга оширади? Бу Бабаян бўладими, Ҳасановми ёки бошқасими? Ҳаммани қизиқтираётган масала ўз ечимини албатта топади. Оз қолди…

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *