“Қарабтеп” ёки халқ тилида “Ланка” деб юритилувчи ўйин ҳақида нималарни биламиз?

Соғлиқни сақлашнинг асосий тадбири бадантарбия бўлади. Бадантарбия кишини чуқур ва кетма-кет нафас олишга мажбур қилувчи ихтиёрий ҳаракатдир. Мўътадил равишда ва ўз вақтида бадантарбия билан шуғулланувчи одам бузилган хилтлар туфайли келган касалликларнинг ва мижоз ҳамда илгари ўтган касалликлар туфайли келувчи касалликларнинг давосига муҳтож бўлмайди.

Бадан тарбиянинг кучли турига майдонда қилинадиган кишининг ўз сояси билан олишиш ўйини (Қарабтеп ўйини) киради.

Абу Али Ибн Сино,

Тиб қонунлари 1-том.

“Қарабтеп” халқ ўйини (олдинги Ланка) бир неча асрлар мобайнида халқ сайилларида, “Наврўз” байрамларида мунтазам равишда ўйналиб келинган. Бу ўйин қўйнинг бир парча жунли терисига металл парчаси маҳкам боғланган анжом билан ўйналган. Бу анжом “Тепки”, тепадиган шахс “Тепкичи” деб аталади.

Бугунги кунда мамлакатимизда бирон-бир ўзбек хонадони топилмаса керакки, “Қарабтеп” ўйинини билмаган, севиб ўйнамаган бўлса. Ўзбек маҳаллаларида мазкур ўйинни ёшу қари бирдек севиб ўйнаб келган. Чунки, “Қарабтеп” ўйини махсус жой ёки асбоб-анжом талаб қилмайди. Бу ўйинни ҳар қандай жойда ўйнаш мумкин. Мустамлака даврида ҳар хил баҳоналар билан кўпгина қаршиликларга учраган бўлишига қарамай, “Қарабтеп” ўйини халқимизнинг севимли миллий ўйин турларидан бири бўлиб келган.

Буюк қомусий олим ва мутафаккир Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида инсон саломатлигини мустаҳкамлашда бадантарбиянинг, айниқса, одамнинг ўз сояси билан олишиш ўйинининг аҳамияти муҳимлиги ҳақида ёзади. Қадимги тарихий ёзма манбаларда ёзилишича, ушбу ўйин кўпроқ чорвачилик билан шуғулланувчи халқлар истиқомат қилувчи ҳудудларда кенг тарқалган. Ўйин тарқалган ҳудудлар географиясининг кенглиги ҳам мазкур тахминни ва ўйиннинг турли миллатларда турлича номланишини асослайди.

“Ланка” атамасининг келиб чиқишини тарихчилар турлича изоҳлайди. Баъзилар уни хитойча “лян-га” сўзи билан боғласалар, баъзилар эса форсий “ланг-оқсоқ” маъноси билан ифодалайди. Бу халқ ўйини асосан, очиқ ҳавода шаҳар ва қишлоқ аҳолиси орасида ўйналган. Оёқ панжаси ёки оёқнинг икки ёни билан тепиб, ҳавога учириш мазкур ўйиннинг ўзига хос хусусияти саналади. “Наврўз“ халқ сайиллари, кузги ҳосил йиғиш каби мавсум ва маросим байрамлари бу анъанавий ўйинсиз ўтмаган.

Ўйиннинг амалий аҳамияти ҳақида гапирганда таъкидлаш муҳимки, у тепкичида оёқ-қўл ҳаракати кўникмаларини, чаққонликни шакллантирган. Маконда ҳаракатланиш динамикасини, экстремал ҳолатларда танани кўз ёрдамида ва кўз иштирокисиз – телепатик бошқариш кўникмаларини ривожлантирган. Шунинг учун мазкур ўйин ҳаракатлари Осиё халқларида жанговар якка курашининг барча турларида жисмоний тайёргарликнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланган.

Ўйин ҳақидаги дастлабки маълумотлар эрамиздан аввалги 5-асрга бориб тақалади ва у хитой манбаларида Ти цзянь цзи (ти-теши, цзянь цзи-волан) деб номланган. Ўйин ҳарбий тайёргарликнинг бир қисми бўлиб, саркардалар ундан аскарлар руҳиятини кўтарувчи психологик восита сифатида фойдаланган. Кейинги минг йиллар мобайнида “Қарабтеп“ ўйини Турон заминидан Осиё ва бошқа Шарқ, Европа мамлакатларига савдо-сотиқ алоқалари орқали тарқалиб кетган. Бунда Буюк Ипак йўли савдо алоқалари катта роль ўйнади. Тарихий солномалар мазкур ўйин Хан ( императорлик даври эр.ав. 206 – эр. 200 й.й), Суй ва Тан, Сун (960 -1278) династиялари ҳукмронлик қилган икки минг йилни қамраб олувчи тарихий даврда жуда оммалашганидан шоҳидлик беради.

Бугунги кунда мазкур ўйин бутун дунёда оммавийлашганини у ўз таркибида 60 дан ортиқ федерация ва спорт уюшмаларини бирлаштирганидан ҳам билиб олиш қийин эмас. Волан ўйини Халқаро федерацияси (ISF) 1999 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда ва унинг байроғи остида жаҳоннинг кўпгина федерация ва уюшмалари ўз биринчилик ва турнирларини ўтказиб келади. 2003 йилда Европа волан федерацияси (SFE) ҳам ташкил қилинган. 2008 йилда ХХР Марказий банки мазкур қадимий ўйинга бағишлаб танга пул зарб қилди ва расмий муомалага чиқарди.

Бугунги кунда дунёнинг турли қитьа ва ўлкаларида ўйиннинг футбол фристайл, волан фристайл, сокс, футбэг, джа кау, цузюй, тееег, зоска, ларонг сипа, кебани каби 30 дан ортиқ номдаги кўринишларини учратамиз. Бироқ моҳиятан улар “Қарабтеп” ёки “Ланка”га жуда яқин. Ушбу ўйинларнинг барчасида инсонни ўзига мафтун қилувчи жозиба, оёқ ёрдамида ҳавода бажариладиган қўл ва оёқ ҳаракатларининг нозиклигидир, дейиш мумкин. Бунда ўйин снаряди-тепки ҳавода қанча кўп муаллақ ва чиройли ушлаб турилса, шунча гўзал бўлади.

“Қарабтеп” ўйини ҳам бир қанча усуллардан ташкил топган. “Тепки” ни оёқнинг ташқи томони, ички томони ва сакраган ҳолатда оёқларни чалиштириб ўнг ва чап оёқларда тепиш мумкин. “Тепки”ни оёқ панжаси билан тепиб, ҳавога учириш мазкур ўйин хусусиятидир, бунда тепки оёқ ёрдамида ҳавода қанча кўп ва чиройли ушлаб турилса, шунча жозибали бўлади.

“Қарабтеп” ўйини иштирокчидан юксак маҳоратни талаб қилади. Ҳар бир тепилаётган “Тепки” тепкичи томонидан санаб борилади. Бу эса тепкичидан бутун эътиборини ва диққатини бир жойга жамлашни талаб қилади. “Тепки” ҳаводан оёққа яқинлашаётганида тепкичи “Тепки”ни қандай тепиш кераклиги ҳақида тезда бир фикрга келиб, тепиш турини танлайди ва керакли ҳаракатлар бажарилади, ҳаракат координацияси яхшиланади.

“Қарабтеп” ўйини барча спорт турларининг пойдевори ҳисобланади. Бу ўйинни тўлиқ эгаллаган ёш тепкичи: чаққон, эпчил ва ҳар қандай ҳолатда ўз мувозанатини тўла идрок эта олади, бу эса ҳар қандай спорт тури учун асосий манба ҳисобланади.

Бугун миллионлар ўйинига айланган “Қарабтеп” халқ ўйини дунёнинг бешта қитъасида ўйналиб келиняпти. Ушбу ўйин собиқ Иттифоқ даврида ҳар хил касалликлар олиб келади, деб тўхтатиб қўйилган. Мустақиллик йилларида давлатимиз томонидан миллий спорт турлари, хусусан, халқ ўйинларини ривожлантириш ва оммалаштириш учун кенг эътибор берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари Ахборот таҳлил департаментининг 2012 йил 27 декабрдаги топшириғига асосан, тегишли вазирлик ҳамда бошқа мутасадди ва манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда “Қарабтеп” халқ ўйинини республикамизда оммалаштириш бўйича аниқ манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатма берилди.

2013 йил 25 январда Полвонлар Миллий Маркази томонидан ишлаб чиқилган халқаро андозаларга мос “Қарабтеп” халқ ўйини қоидалари тасдиқланди. Шу йил 21 декабрда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида “Қарабтеп” халқ ўйини бўйича тарихий Республика биринчилиги бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада барча вилоятлардан йил давомида машғулотлар олиб борган ва шуғулланган тепкичилар иштирок этишди. Тадбир юқори савияда ташкил этилди.

Республикамизнинг барча ҳудудларида 2014-2015 йиллар давомида мазкур ўйинни оммалаштириш мақсадида турли даражадаги ўқув муассасаларида мусобақалар, оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилинди. 2016 йил 20 март куни Наврўз байрами муносабати билан “Самарқанд дарвоза” савдо марказининг махсус павилионида 60 дан ортиқ тепкичилар ўртасида Республика очиқ чемпионати ўтказилди. Чемпионат якунларига кўра 1-ўринни Жиззах вилояти, 2-ўринни Хоразм вилояти ва 3-ўринни Тошкент шаҳри тепкичлари эгаллашди.

Ҳозирги кунда ёшларимизни “Қарабтеп” ўйини билан оммавий равишда шуғуллантириш орқали уларни соғлом қилиб тарбиялаш ҳамда бугун четдан кириб келаётган ҳар хил носоғлом компьютер ўйинларга берилиб кетаётган ёшларимизни бундай ёмон иллатлардан асраб қолиш мумкин.

Асрлар давомида халқимиз томонидан севиб ўйнаб келинган “Қарабтеп” миллий ўйинининг жаҳонда биринчи халқаро спорт андозаларига мос қоидалари ишлаб чиқилди. Келажакда ушбу миллий ўйин билан 5 ёшдан 70 ёшгача бўлган инсонлар бирдек шуғулланишлари мумкин. Миллий қадриятларимиз тикланаётган бир пайтда, “Қарабтеп” ўйинини ривожлантириш ва оммалаштириш ҳамда миллий спорт турига айлантириш, халқаро спорт аренасига олиб чиқиш, миллий анъана ва қадриятларимизни бутун дунёга янада кенг миқёсда танитишда ўз самарасини беради.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *