Қиличбозларимизнинг онлайн машғулоти давом этади

Олимпия жамоаси вакилларининг онлайн машғулотлари давом этмоқда. Бугун қиличбозларимиз учун яна бир онлайн машғулот бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси, машғулотлар ZOOM иловасининг учта платформасида ўтказилди. Машғулот бошланишидан олдин, сабля бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, уч карра Олимпия ўйинлари чемпиони Владимир Назлимов спортчиларимиз билан суҳбат ўтказди ва саломатликларига эътиборли бўлиш, хавфсизлик қоидаларини сақлаш кераклигини таъкидлади. Мутахассиснинг таъкидлашича, катта муваффақиятга эришиш учун юқори тайёргарлик ва яхши машғулот керак бўлади.

Машғулотнинг биринчи қисмини хорижлик мураббийларимиздан бири Мартин Камаджиев олиб борди. Машғулот жойида югуриш, эгилиш, чўзилиш ва сакраш каби чигалёзди машқлар билан бошланди. Кейинчалик Владимир Назлимов “эстафета таёғини” қабул қилиб олди. Унинг бошчилигида қиличбозлар ўзларининг техник ва тактик маҳоратларини оширишга ҳаракат қилишди.

Онлайн машғулотга МОҚ президенти, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳам қўшилди.

«Барчангизга самимий миннатдорчилигимни изҳор этаман. Қилган меҳнатингиз, қийин пайтларга қарамай шуғулланишдан тўхтамаганингиз учун раҳмат. Ҳурматли ёш қиличбозлар, шундай шароитда ҳам машғулотларни давом эттиришингиз, албатта, фойда келтиради. Шу тариқа келажакда қийинчиликларни енгишингиз мумкин. Шунингдек, мураббийлардан ҳар доим спортчилар билан бирга бўлишни, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришларини сўрайман. Мавжуд шароитдан келиб чиққан ҳолда, кейинги ҳаракатлар учун янги методология ва тактикани ишлаб чиқиш керак. Ушбу синовлардан ўтсак, қолган қийинчиликлар бизга халақит бермайди ”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Таъкидлаш жоиз, машғулотда мураббийлар штаби, ЎҚФ федерацияси ва МОҚ вакиллари иштирок этиб, жараённи диққат билан кузатиб боришди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *