Қиличбозларимизнинг ўқув-машғулот йиғини кўтаринки руҳда давом этади

Маълум қилганимиздек, 20 сентябрь кунидан бошлаб қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси пойтахтимизда ўқув-машғулот йиғинига киришди. Бугунги кунга келиб, терма жамоанинг барча спортчилари тиббий текширувдан ўтказилди ва қиличбозларимиз жанговор кайфиятда машғулотларни давом эттиришмоқда. Жамоа “Осиё дзюдо маркази”га жойлашган бўлиб, федерация шифокорларининг қаттиқ назоратида бўлиб турибди.

Кун тартибидан эрталабки бадантарбия машқлари алоҳида ўрин олган. Меҳмонхона ҳудудида ҳар тонг уларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун алоҳида жисмоний машғулотлар ўтказилади.

Бундан ташқари федерация диетологи спортчиларнинг кунлик овқат рационини, уларнинг калориясини назорат қилиб бормоқда. Таъкидлаш жоиз, ошхона ҳудудида ҳам барча санитар-эпидемиологик чоралар кўриб қўйилган. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва унинг таркибига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Зеро, яхши бадантарбиядан кейин мазали нонушта спортчини кун бўйи тетик қилади.

Яна бир жиҳат, Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига қарашли “Умид” клубида рапира, шпага ва сабля каби барча йўналишлардаги спортчиларимиз асосий машғулотларга махсус автобусда қатнашмоқда. Транспорт ичида ҳам ижтимоий масофага қаттиқ эътибор қаратилмоқда.

Йиғинга энг тажрибали мураббийлар жалб қилинган. Ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш мақсадида асосий машғулотга кетиш арафасида турган спортчилар терма жамоа мураббийи, 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони Владимир Назлимов билан очиқ ҳавода машғулот ўтказиб олишади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *