Қиличбозларимиз ишончни оқлашга ваъда беришди

Маълумки, қиличбозлик спортида Олимпиада лицензиялари жаҳон рейтингининг юқори 12 поғонасида турган спортчиларга насиб этади. Ҳозирда ҳеч бир вакилимиз бу маррага етиб бора олишмагани учун барча умидимиз Осиё миқёсида ўтадиган лицензион турнирга боғлиқ. Регламентга кўра, ушбу мусобақада фақат ғолиблар Токио-2020 йўлланмаси бўлишади. Демак, вазифа мураккаб. Шу боис барчадан ўз ишига катта масъулият билан ёндашиш талаб этилади. Сабля бўйича терма жамоамиз мураббийи, 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони Владимир Назлимов таъкидлаганидек, спортчилар буни юрак ва ақл-идроклари билан ҳис қилишлари лозим. Акс ҳолда қилинаётган ишларнинг бари бефойда.      

Бугун куннинг иккинчи ярмида МОҚ ишчи гуруҳи Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси мутасаддилари ва спортчиларимиз билан учрашди. Мамлакат дзюдо федерацияси биносида ўтган ушбу тадбирда МОҚ ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, шунингдек, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбарияти, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.

Р. Шоабдураҳмонов спортчи ва мураббийлар билан суҳбатлашар экан, ушбу спорт тури асли ўзбекистонлик таниқли ишбилармон, Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти Алишер Усмонов томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва бунинг натижасида бугунги кунда бутун дунёда кенг оммалашаётгани, ўз навбатида, ҳукуматимиз томонидан ҳам спортни ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Айни пайтда қиличбозлик бўйича терма жамоамизда 3 нафар хорижлик мураббий фаолият олиб бормоқда. Улар орасида жаҳон спорти афсоналаридан бири, уч карра Олимпия ўйинлари, ўн карра жаҳон чемпиони Владимир Назлимовни алоҳида эътироф этиш ўринли бўлади. Тан олиш лозим, Владимир Аливерович бошчилигида қиличбозларимиз сабля йўналишида кун сайин маҳоратларини ошириб, халқаро майдонда тобланиб боришмоқда. Тажрибали мутахассис энг аввало спортчиларимизда ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлай олди. Уларда ватанга бўлган муҳаббатни шакллантириш билан бирга, олдинга қўйилган мақсад сари дадил одимлашни ўргатди.

Ўтказилаётган йиғинлар эса биринчи навбатда келаси йили кутиб турган лицензион мусобақага спортчиларимизни пухта тайёрлаш, йиғинларга ёшлар жамоаси вакилларини жалб қилиб, уларнинг маҳоратини ошириш, қолаверса, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига кучли селекцион сиёсатни юритиш каби мақсадларда ташкил қилинган. Ўқув-машғулот йиғинида 100 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда.

Ўз навбатида, учрашув якунида қиличбозларимиз яратиб берилаётган шароитлар учун миннатдорчилик билдириб, олдинда турган йирик мусобақаларда билдирилаётган ишончни оқлашга, Олимпиада лицензияларини қўлга киритишга ваъда беришди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *