Қиличбозлик федерациясининг 2021-22 йиллар учун режалари муҳокама қилинди

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг 2021-22 йиллар учун тузиб чиқилган режалари муҳокама қилинди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон қиличбозлик федерация раҳбарияти вакиллари Мирсардор Алимов, Гулнора Саидова, шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича терма жамоа мураббийлари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоиз, суҳбатнинг асосий эътибори келаси йилги режаларга қаратилган. Боиси 2021 йил давомида қиличбозларимизни қитъа биринчилиги ва бошқа халқаро мусобақалардан ташқари Олимпиадага лицензион мусобақа ҳамда Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари кутиб турибди. Учрашувда 2021 йилда терма жамоамиз вакиллари иштирок этиши кутилаётган халқаро ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақалар, маҳаллий йиғинлар, улар учун сарфланадиган харажатлар масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Мураббийлар ўз йўналишларида Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун кураш олиб борадиган таркиб ва уларнинг имкониятлари борасида ҳам тўхталиб ўтишди. Шунингдек, яна бир масъулиятли 2022 йил режалари, Хитойда ўтадиган Осиё ўйинлари учун тайёргарлик ва терма жамоа таркибини саралаш, иқтидорли спортчиларни селекцион мусобақалар орқали терма жамоага жалб қилиш мавзулари ҳам кун тарбининг асосий мавзуларидан бири бўлди.

Ўз навбатида, МОҚ раҳбари муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун яратиб берилаётган шароитлар ҳақида тўхталар экан, олдинга қўйилган мақсадларга эришиш учун ҳамжиҳатликда темир интизом билан ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида гапирди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *