Қиличбозлик федерацияси онлайн семинар ташкил қилди

Қиличбозлик федерацияси маърифий онлайн семинарларини давом эттирмоқда. Бугун худди шундай тадбир ҳудудлардаги мураббийлари учун ташкил этилди. Мақсад – хорижлик ҳамкасблар билан ўзаро тажриба ва фикр алмашишдан иборат. Бу мамлакатимизда қиличбозликни янада ривожлантириш ва спортчиларни сифатли тайёрлашга хизмат қилади. Онлайн семинарда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, мамлакат қиличбозлик федерацияси ва унинг вилоятлардаги вакиллари ҳамда мураббийлари, шунингдек, польшалик мутахассис Консальский Жорзи-Збигниев иштирок этди.

«Қиличбознинг умумий жисмоний тайёргарлиги» мавзусида ўтган семинарда нутқ сўзлаган Консальский қиличбозлар учун умумий жисмоний тайёргарликнинг муҳимлигини таъкидлади ва тайёргарликнинг таркибий жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди. Қиличбозлик техникаси ва ҳаракатларини такомиллаштириш учун жисмоний сифатлар намоён бўлишини ривожлантириш ва ихтисослаштиришга қаратилган махсус жисмоний тайёргарлик мавжуд. Спортчининг махсус жисмоний тайёргарлиги – бу жанг пайтида қўлланиладиган техника ва ҳаракатлар мажмуасидир.

«Мураббийлар зиммасига катта масъулият юкланади, улар ҳар доим ўз шогирдларини назорат қилишлари, қиличбозларнинг қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда машғулот юкламасини индивидуал ишлаб чиқишлари керак. Ўз навбатида, спортчилар ҳам устозлари талабларини бажаришлари лозим. Aгар мураббий машқни 10 марта бажаришни таъкидлаган бўлса, қиличбоз ҳам буни каму кўстсиз бажариши шарт. Қиличбоз яхши машқ қилганида, у ҳаракатлари самарасини англаб етади. Ҳар бир машғулотдан сўнг қиличбоз чигалёзди машқлари бажариши, мураббийлар бу жараённи назорат қилишлари керак», – дейди мутахассис.

Мураббий ўз чиқишида ҳаёти ва фаолияти давомида дуч келган вазиятлардан ҳикоялари билан ҳам ўртоқлашди ва тегишли тавсиялар берди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *