Қорақалпоғистон ССВ раҳбари коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарлар рад этилди. Лекин у шифохонада даволанмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Отажон Ҳамроев коронавирусга чалинмаган. Лекин у айни вақтда соғлигидаги бошқа муаммо туфайли шифохонага ётқизилган.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Қорақалпоғистон ССВ матбуот хизмати вазир коронавирусдан касаллангани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Kun.uz’га маълум бўлишича, вазир 18 кундан буён даволанмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Каллибек Худайбергеновнинг хабар қилишича, вазирга бўйин умуртқа грижасининг оғир ҳолати ташхиси қўйилган.

«Вазир коронавирус юқтириб олгани ҳақидаги хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Отажон Каримовичда бўйин умуртқа грижаси бор ва ҳозир даволаняпти.

Бу касалликдан фақат операция йўли билан фориғ бўлиш мумкин. Амалиётни эса Нукусда қилишнинг иложи йўқ. Карантин чоралари анча юмшатилди. Энди йўллар очилса, Тошкентда операция бўлиши мумкин.

Давлат ишида ишлайдиган шахсларнинг ҳам касал бўлишига ҳаққи бор. Буни тўғри қабул қилиш керак», дейди вазир ўринбосари.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқда Отажон Ҳамроев коронавирус билан касаллангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Бу маълумотларнинг тарқалишига вазирнинг М.Ерниязов дафн маросимида кўриниш бермагани ва шундан кейинги иш жараёнларидаги йиғилишларда иштирок этмаётгани сабаб бўлган.

Вазир бугун бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдаги олтинчи сессиясида ҳам иштирок этмаган.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 14 май кунги қарори билан Отажон Каримович Ҳамроев Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, 30 июль куни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида стационар шароитда режали даволаш муолажаларини олаётгани, беморнинг аҳволи қониқарли экан ҳақида хабар берилганди.

Кейинроқ бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев зиммасига Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини вақтинча бажариш юклангани маълум қилинди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *