Ҳаво зарур. Кислород концентраторлари импорти солиқдан озод қилинадими?

Covid-19 пандемияси билан боғлиқ жорий вазият баъзи чораларни кечиктирмасдан – бугуноқ кўришни тақозо қилмоқда. Эртанги кунни башорат қилиб бўлмайдиган бугунги ҳолатда биринчи навбатда турувчи ўта муҳим заруратлардан бири бу – кислород концентраторлари олиб келиш масаласидир.

Зеро, қисқа вақт мобайнида эпидемик вазият ўзгариб, Covid-19’нинг ўрта ва оғир формалари билан касалланганлар сони кескин кўпайиб кетиши ва кўплаб одамларга том маънода ҳаво зарур бўлиб қолиши мумкин.

20 июль куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинган эди. Йиғилишда пандемия даврида ҳар бир беморни даволаш учун кислородга эҳтиёж кескин ортиши қайд этилди. Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация маркази, Тошкент шаҳар 1-сон клиник шифохонаси, Республика биринчи ва иккинчи сон клиник касалхонасида ҳамда барча янги очилаётган «провизор» шифохоналарида 1000дан ортиқ кислород ўтказадиган нуқталар сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Тошкент шаҳри хокимлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудида жойлашган тиббиёт муассасаларини доимий асосда кислород билан тўлдириб боришга шахсан масъуллиги белгиланди, бош вазирга мазкур тиббиёт жиҳозларини имкон қадар қисқа муддатларда мамлакатимизга етказиш топшириғи берилди.

Бироқ, мазкур вазиятда кислород тақчиллигига барҳам бериш ишида нафақат давлат кучи ва маблағларини сафарбар этиш, балки тадбиркорлик субъектларига, жамоат бирлашмаларига, хусусий ташаббус асносида хайрия йиғиб чет элдан кислород концентраторлари олиб келишга чоғланган гуруҳларга ҳар тарафлама кўмак бериш билан, бундай хусусий фаолликни қўллаб-қувватлаш билан ҳам ҳолатни енгиллаштиришга уриниш мақсадга мувофиқ бўлади.  

Мазкур йўналишда президент топшириғи билан махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўриш топшириғи берилди. Ундан олдинроқ, 16 июль куни бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида йиғилишда импорт қилинадиган кислород концентраторлари божхона божидан озод этиш бўйича қарор қабул қилинганди.

Бироқ, ҳал қилиниши керак бўлган яна бир масала бор экан – тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган кислород концентраторларини қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)дан озод қилиш.    

Kun.uz таҳририятига бир неча тадбиркорлардан мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг бизга билдиришича, мамлакатимизга чет элдан бир неча минг дона кислород концентраторлари олиб келиш режалаштирилган. «Бироқ, суриштирсак, мазкур тиббий воситаларни мамлакатга олиб келингандан сўнг, улар солиққа тортилиши кўзда тутилган экан. Ўйланиб қолдик…», дейишди биз билан суҳбатда ташаббускорлардан бири.

Ҳолатни ўрганишимиз шуни кўрсатдики, Солиқ кодексининг 243-моддасида реализация қилиш бўйича айланма солиқ солишдан озод этиладиган товарлар (хизматлар) келтирилган бўлиб, мазкур модданинг 13-бўлимида дори воситалари, ветеринария дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмлар ҳам солиқдан озод этилиши белгиланган. Мазкур тиббиёт буюмлари рўйхати эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 29 июндаги 2809-сонли буйруғи билан тасдиқланган бўлиб, бу рўйхатда, афсуски кислород концентраторлари йўқ экан.

Хулоса қиладиган бўлсак, бу ҳолатда масаланинг ечими – кислород концентраторини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўша рўйхатига тезда киритиш лозим. Шу йўл билан давлатнинг гарданига тушаётган юк бироз бўлса-да камайтирилиб, кўплаб инсонларнинг бевақт ўлими олдини олишга эришилган бўлар эди.        

Шокир Шарипов

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *