Ҳайдар Фармон иштирокида Бутунжаҳон кураш кунига бағишланган онлайн конференция ўтказилди

Хабар берганимиздек, бугун ўзбек миллий курашининг куни нишонланмоқда. Бироқ бутун дунёда юзага келган пандемия сабаб ушбу сана аввалгидек йирик мусобақаларсиз нишонланмоқда. Кураш аҳлига байрамона кайфият улашиш, ушбу санани ўзига хос нишонлаш мақсадида бугун Халқаро кураш ассоциацияси ZOOM платформаси орқали онлайн конференция ташкил қилди. Унда ташкилот раҳбари Хайдар Фармон, қитъавий ва Миллий федерациялар вакиллари иштирок этишди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов бошчилигидаги мутасаддилар қатнашди.

Тадбирда Хайдар Фармон бугунги сана билан барча кураш аҳлини қутлаб, келгусидаги режалар ҳақида гапириб ўтди.

Бугун бизни бирлаштриб турган кураш спортининг 22 йиллигини нишонламоқдамиз. Кураш бутун дунёда ўз ўрнини топиб бормоқда. Барчангизни бугунги Бутунжаҳон кураш куни билан табриклайман. Бу йил дунё учун ноанъанавий бўлди. Коронавирус пандемияси сабаб кўплаб иқтисодий инқирозлар кузатилмоқда. Катта-катта спорт мусобақалари, жумладан, Токио Олимпия ўйинлари қолдирилди. Бу барчамиз учун синов. Бир ёқадан бош чиқариб бирлигимизни сақлаб, уни дунёга намойиш қилишимиз керак. Биз E-Кurash йўналишини йўлга қўймоқчимиз. Бунда спортчилар ўз техникаларини намойиш қилган ҳолда уни ижтимоий тармоқларга жойлаши мумкин. Вазият юмшагунча шу каби онлайн тадбирларни синаб кўришни таклиф қиламиз”, – деди Хайдар Фармон.

Тадбир давомида МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

Авваламбор, барча кураш оиласини бугунги байрам билан табрикламоқчиман. Ўзбекистоннинг кураш ватани эканлиги боис, барчангизни бугунги сана билан қутлаш мен учун шараф. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев бошчилигида миллий спортимизни янада ривожлантириш учун муҳим чора-тадбирлар, дастурлар йўлга қўйилаётганини алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Бугунги мураккаб вазиятда ҳаммангизнинг оила-аъзоларингиз билан соғ-саломат бўлишингизни тилаб қоламан. Ишонаманки, кураш спорти Хайдар Фармондек йўлбошчи билан кўплаб марраларни забт этади. Барчангизни яна бир бор бугунги Бутунжаҳон кураш куни билан қутлайман”, – деди Ойбек Касимов.

Онлайн конференцияда кўплаб мамлакат вакиллари сўз олиб, ўз минтақаларида курашнинг тобора оммалашиб бораётгани ҳақида гапириб ўтишди. Шунингдек, келажакда қайси даврдан бошлаб халқаро мусобақаларни бошлаш, мусобақа ўтказилиши учун керакли талабларни ишлаб чиқиш кераклиги каби масалалар муҳокама қилинди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *