Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Ерниязов Муса Тажетдинович 73 ёшида вафот этди.

Қорақалпоқ халқининг ардоқли фарзанди Муса Ерниязов раҳбарлик лавозимларида ишлаб юрган даврларида Қорақалпоғистон Республикасида жисмоний ва тарбия спортнинг ривожи йўлида улкан ва аҳамиятли ишларни амалга оширди.

Муса Ерниязов 2002 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси сифатида иш фаолиятини бошлагандан буён, унинг саъи-ҳаракатлари натижасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун қулай шароит яратиш мақсадида кўплаб спорт иншоотлари қуриб, фойдаланишга топширилди. Бу эса қорақалпоқ халқининг соғлом ҳаёт кечириши, спорт билан мунтазам шуғулланишлари ҳамда фарзандларимизнинг спорт соҳасида катта ютуқларга эришишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида жами 151 та, шундан, 55 та спорт заллари, 18 та футбол стадионлари, 72 та спорт майдончалари, 1 та манеж, 8 та ёпиқ сузиш ҳавзаси фаолият кўрсатмоқда. Охирги уч йилнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида 20 яқин спорт иншоотлари янгидан қуриб битказилди.

Муса Ерниязовнинг раҳбарлиги даврида Қорақалпоғистонда спорт билан мунтазам шуғулланувчи ёшлар сони деярли уч баробарга ортди. Аҳолини оммавий спорт ва жисмоний тарбияга жалб этиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасидаги спорт таълим муассасаларида 41та спорт туридан жами 33 741 нафар ёшлар спорт билан профессионал даражада шуғулланиб келмоқда. Эътиборлиси, уларнинг 9446 нафарини қизлар ташкил этмоқда.

Охирги йилларда Республика аҳолиси ўртасида оммавий спортни ривожлантириш янги босқичга олиб чиқилди. Ҳозирги кунда қорақалпоқ аҳолисининг 28 фоизи доимо спорт билан ошно тутинган. Ҳозирда ҳудудларда яратиб берилаётган шароитлар туфайли бу кўрсаткич яқин йилларда бир неча баробар ортишига шубҳа йўқ.

Бу муддат ичида 3 минг нафардан ортиқ қорақалпоғистонлик спортчилар халқаро спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиб 830 та олтин, 978 та кумуш ва 1642 та бронза медалларини қўлга киритди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Муса Ерниязовнинг спорт соҳасида амалга оширган ишларини юксак қадрлайди. Вазирлик жамоаси ва қорақалпоғистонлик минглаб спортчилар марҳумнинг вафоти муносабати билан, унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *