​#уйдақол! #ҳаётгақўшил! челленжида навбатдаги ғолиблар аниқланди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги карантин даврида юртдошларимиз орасида уй шароитида жисмоний тарбия ва спорт билан фаол шуғулланишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этган #уйдақол! #ҳаётгақўшил! челленжи қизғин давом этмоқда. 3 августдан бошланган челленжда қатнашиш орқали юртдошларимиз нафақат ўз саломатликларини мустаҳкамлайди, балки қимматбаҳо совғаларни ютиб олиш имкониятига ҳам эга бўлишади.

10-16 август кунлари оралиғида ўтказилган #уйдақол! #ҳаётгақўшил! челленжида юртдошларимиз биринчи ҳафтадан фарқли ўлароқ анчайин фаол қатнашди. Мисол учун, челленжга спортсевар оилалар томонидан 300га яқин видеоролик юборилган бўлса, уларда 800 нафардан ортиқ юртдошимиз ўз имкониятини синаб кўришди. Яъни, оилавий челленжда аксарият юртдошларимиз оила аъзолари билан бирга, камида 3-4 киши бўлиб қатнашмоқда. Бу эса ташкилотчилар бирламчи мақсадига эришаётганини англатади. Чунки, #уйдақол! #ҳаётгақўшил! челленжини ташкил этишдан кўзланган мақсад – унда юртдошларимизнинг бутун оила бўлиб иштирок этишини таъминлашдан иборат эди.

Эътиборли тарафи, челленжда Тошкент шаҳри анча фаол қатнашмоқда. Сабаби, бу сафар ҳам пойтахтликлар бирйўла иккита совринни қўлга киритишди.

Ҳакамлар ҳайъати қарори билан, челленжда 1-ўрин Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 14-даҳада истиқомат қилувчи Исаевлар оиласига насиб этди.

2-ўринни ҳам Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи Шубинлар оиласи томонидан тайёрлаган видеоролик эгаллади.

3-ўринга бу сафар Навоий вилояти гимнастикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг бадиий гимнастика бўлими шуғулланувчиси Гуласал Шавқиддинова томонидан юборилган видеоролик муносиб топилди.

Челленж ғолиблари велотренажёр билан мукофотланади.

Сиз ҳам #уйдақол! #ҳаётгақўшил! челленжида фаол иштирок этинг ҳамда қимматбаҳо совғаларни қўлга киритинг. Унутманг, челленж   2020 йилнинг 15 декабрига қадар давом этади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *