19 ёшли боксчимиз супер зарба билан рақибини 35 сонияда чуқур нокаутга туширди

Россиянинг Краснодар шаҳрида профессионал бокс кечаси ўтказилди. Ушбу мусобақада турли мамлакатдан келган жами 24 нафар чарм қўлқоп устаси ўз вазн тоифасида рейтинг жангларини ўтказди.

Турнир дастуридан жой олган бешта жангда Ўзбекистон боксчилари рингга кўтарилди.

Музаффар Расулов саккиз раундлик рейтинг жангида профессионал рингда 36 та беллашувда иштирок этган россиялик Марат Хузеев билан куч синашди. Таъкидлаш жоизки, Марат Хузеев фаолияти давомида Шоҳжаҳон Эргашев, Константин Пономарёв, Сауль Алварес, Селжук Айдин, Виктор Плотников каби юлдуз даражасидаги боксчилар билан ҳам жанг қилган.

Музаффар номдор рақиблар билан беллашувда катта тажриба тўплаган рақибига қарши ҳужумкор тактика танлади ва учинчи раундда қақшатқич зарбаси мўлжалга аниқ тегди. Натижада мезбон боксчи жангни давом эттира олмади. Ўзбек боксчиси фойдасига техник нокаут ёзилди.

Шу тариқа, Расулов ҳисобидаги ғалабалар сонини бештага етказди. 23 ёшли боксчимизнинг рекордида очколар ҳисобига бой берилган иккита учрашув ҳам бор.

музаффар

22 ёшли Мирзамуҳаммад Ҳикматалиев профессионал рингдаги тўққизинчи жангини тожикистонлик Худойдод Ёқубийга қарши ўтказди. Олти раунд қилиб белгиланган баҳс ўрталарида  ҳамюртимизнинг техник нокаут қайд этиши оқибатида жанг муддатидан олдин тугади. Мирзамуҳаммад ғалабалари сонини олтитага етказиб олди.

хикматалиев

Фаррух Жўраевнинг жанги тўлиқ – олти раунд давом этди. Россиялик Никита Солонин билан беллашган юртдошимиз барча раундларда ўз маҳоратини намойиш эта олди. Ҳакамларнинг барчаси ўз ҳисоб-китобларида ўзбек боксчиси кўпроқ аниқ зарба берганини қайд этди. Натижада Фаррух олтинчи ғалабасига эришди. Унинг ҳисобида тўртта мағлубият ва битта дуранг ҳам бор. Учинчи бор профессионал рингга чиққан Никита эса илк бор мағлубият аламини тотиб кўрди.

Россияда шуғулланаётган Элдор Абдуқодиров  ўтган йили фаолиятини кетма-кет иккита ғалаба билан бошлаган эди. Бироқ, янги йил олдидан кутилмаганда учинчи жангини бой берди. Ниҳоят қарийб бир йил давомида тайёргарлик кўрган боксчимиз яна ғалабага эришди.

Тажрибали рақиб – россиялик  Роман Клемешовга қарши тўрт раундлик беллашувда истеъдодини намоён этган 23 ёшли спортчимиз катта устунлик билан зафар қучди. Учрашув давомида рақибининг бошига орқа томондан зарба бергани учун ҳакамлар Элдордан очко олиб ташлади. Шунга қарамай, барча раундлар боксчимиз фойдасига ҳал бўлди.

элдор

Ёш профессионал боксчимиз Улуғбек Қаюмбоевнинг истеъдоди кўплаб мухлису мутахассисларни ўзига қаратмоқда.

Профессионал боксдаги фаолиятини шу йилнинг июнь ойида бошлаган 19 ёшли боксчимиз жуда кучли зарбага эга. Россияда профессионаллар ўртасидаги жангларда қатнашаётган ҳамюртимиз  шу кунгача иккита беллашувда рингга чиқиб, рақибларини нокаут қилганди.

500_5f002a5281b66

Краснодардаги мусобақада у Россия вакили Роман Зимон билан рақобатлашди.  Ҳамюртимизга ғалаба учун 35 сония кифоя қилди. У ўта кучли зарбаси билан рақибини чуқур нокаутга учратди ва кетма-кет учинчи жангини муддатидан олдин якунланди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *