1913 йилда Пьер де Кубертен жаҳонга энг машҳур рамзлардан бирини яратган

Олимпия ҳалқалари дунёнинг беш қитъаси ва Олимпизм бирлаштирган барча мамлакатларни ифода этади. Бугунги кунда у жаҳонда энг машҳур ва таниқли рамздир. Замонавий Олимпия ўйинларини ташкил этиш ташаббускори, 1896—1916, 1919—1925 йилларда Халқаро Олимпия қўмитасининг президенти Пьер де Кубертен ўзининг ана шу эмблемасини 1914 йилда Парижда бўлиб ўтган Олимпия конгрессида тақдим этган.

Олимпиаданинг “Тезроқ, Баландроқ, Кучлироқ” («Citius, Altius, Fortius») шиорини эса Пьер де Кубертенга доминикалик руҳоний Андри Дидон таклиф этган.

“Кўк, сариқ, қора, яшил ва қизил рангга бўялган, ўзаро чамбарчас бешта тенг ҳалқалар оқ фонда ажралиб туради. Бундан ташқари ана шу олти рангни истисносиз барча мамлакатларнинг миллий ранглари ва рамзлари сифатида кўриш мумкин: кўк ва сариқ – Швеция, кўк ва оқ – Греция, уч тусли ранг – Франция, Буюк Британия, Америка, Германия, Бельгия, Италия ва Венгрия, сариқ ва қизил – Испания, Бразилия, Австралия, Япония ва Хитой рамзларидир”, – деб изоҳ берган ўз эмблемасига Пьер де Кубертен.

Пьер де Кубертен Париждаги Конгресс учун 500 та байроқ ясаган. 1914 йилнинг апрель ойида у ўзининг беш ҳалқали байроғини Халқаро Олимпия қўмитасининг аъзоси мисрлик Анжело Боланакига ишониб топширган. Боланаки бу байроқни Мисрнинг Искандария шаҳрида Чатби стадионининг очилишида намойиш этган. Шундан кейин бу байроқ 1914 йил 15 июнда Сорбоннада Олимпия конгрессида расмий равишда кўтарилган.

Биринчи жаҳон уруши бошланиб кетганлиги сабабли 1916 йилда Берлинда ўтказилиши керак бўлган Олимпия ўйинлари қолдирилган. Шу сабабли беш ҳалқали Олимпия байроғини кенг жамоатчиликка тақдим этиш кечиктирилган.

Олимпия байроғи 1920 йил 14 августда Антверпендаги VII Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида кўтарилган. Шундан кейин Олимпия байроғи 1924 йилда навбатдаги Олимпия ўйинларини ташкил этган Парижга юборилган. Шу тариқа Олимпия ўйинларининг рамзига айланган бу байроқ тобора машҳур бўлиб борган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *