24 ҳафталик танаффусдан сўнг: Бугун Ўзбекистон масжидларида жума намозлари ўқилади

4 сентябрь куни Ўзбекистондаги масжидларда карантин шароитидаги илк жума намозлари адо этилади.

Фото: KUN.UZ

15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгач, 16 мартда муфтий Усмонхон Алимов мурожаат билан чиққан ва мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жамоат намозлари вақтинча тўхтатилишини маълум қилган эди.

8 июнга келиб, мамлакатда биринчи қатъий карантин юмшатилиши асносида фақат «яшил» ҳудудлардаги масжидлар очилишига рухсат берилди ва жамоат намозлари илк марта ижтимоий масофа сақланган ҳолда ўқилди.

10 июлдан мамлакатда иккинчи қатъий карантинга бошланиб, чекловлар август ўртасига келганда юмшатилди ва 17 августдан масжидлар яна очилди. Шу билан бирга, коронавирус хавфи туфайли жума намозлари адо этилишига рухсат бериш кейинроққа қолдирилди.

Кўп ўтмай, 1 сентябрь куни Республика махсус комиссияси жума намозларини энди масжидларда ўқиш мумкинлигини эълон қилди.

Шу тариқа, карантиннинг 25-ҳафтасига келиб, 4 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари яна жума намозларини масжидларда адо этиш имконига эга бўлди.

17 августдан буён масжидлардаги жамоат намозларида амал қилиб келинаётган карантин қоидалари жума намозларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Хусусан:

  • жамоавий ибодатни ўтказиш учун ташриф буюрувчилар ўртасида ижтимоий масофани таъминлаш;
  • диний ташкилотлар ходимлари ва ташриф буюрувчиларнинг тиббий ниқобда бўлиши;
  • санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш;
  • ҳар бир диний ибодатдан кейин бино (хона) ва ундаги жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
  • бино ва хоналарга, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш;
  • тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритмаслик;
  • диний ташкилотларга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик шулар жумласидан.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга мувофиқ, коронавирус аломатлари бор фуқароларнинг жамоат жойларига чиқмаслиги талаб этилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *