28 октябрь – Бутунжаҳон дзюдо куни муборак!

Маълумки, ҳар йили 28 октябрь куни курраи заминимизда Бутунжаҳон дзюдо куни кенг нишонланади.

Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) бу йилги байрам тантаналари учун расмий лого ҳамда шиор тақдим этган. Унга кўра, бугун, 28 октябрь кунги барча байрам тадбирлари «Биргаликда кучлимиз» шиори остида ўтказилади. Байрамнинг ўзи эса коронавирус ва ирқчиликка қарши кураш учун бағишланади.

Маълумот учун, дзюдо асосчиси Дзигоро Кано айнан 28 октябрь санасида дунёга келган. Халқаро дзюдо кунининг айнан шу кунда нишонланиши ҳам бежиз эмас, албатта. Ўтган йили Халқаро дзюдо федерациясига аъзо 5 қитъанинг 200га яқин мамлакатида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам ўзига хос дзюдо байрами кенг тантана қилинган эди. Аввалига Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятларда бошланган байрам тадбирлари куннинг иккинчи ярмида пойтахтга кўчганди. Дзюдочиларимиз «Кўчат эк» шиори остида ўтган байрамда минглаб дарахт кўчатларини экишган эди.

Маълумки, дзюдо юртимиз ёшларининг энг севимли спорт турларидан бири бўлиб, Республикамизнинг барча вилоятларида кенг ривожланган. Ўз навбатида, дзюдочиларимиз ҳам мунтазам равишда Олимпия ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб келишмоқда.

Ушбу спорт байрами мамлакатимизда доимо катта шукуҳда нишонлаб келинган. Бу йил ҳам муҳтарам Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзини янада тарғиб мақсадида Бутунжаҳон дзюдо кунини кенг нишонлаш режалаштирилган. Бугун соат 11:00 да пойтахтимиздаги дзюдо марказида мазкур санага бағишланган байрам дастурини ташкил қилиш режалаштирилган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *