ASOIF ва AIOWF ташкилотларига раҳбарлар сайланди

Франческо Риччи-Битти Халқаро ёзги Олимпия спорт федерациялари Aссоциацияси (ASOIF) президенти этиб қайта сайланди. Шунга муқобил қишки спорт турларига йўналтирилган ташкилотга (AIOWF) Иво Ферриани раҳбарлик қилади.

Онлайн тарзда ўтказилган ASOIF Бош ассамблеяси давомида ташкилотни 2012 йилдан бери бошқариб келаётган 78 ёшли Франческо Риччи-Битти номзоди делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

– ASOIFдаги 8 йиллик фаолиятимда астойдил меҳнат қилдим, – дейди Франческо Риччи-Битти. – Спорт учун мураккаб бу даврга муносиб ворис тайёрлаш ва ташкилотни бўлажак муаммоларга ҳозирлигини таъминлаш зиммамдаги масъулият, деб биламан. Биз халқаро федерацияларга хизмат қилиш ва олимпия ҳаракатига самара келтириш учун қўлимиздан келганини қиламиз.

Франческо Риччи-Битти 2009-2015 йиллларда Халқаро теннис федерациясини (ITF) бошқарган. Ҳозирда италиялик спорт мутахассиси ITFнинг фахрий президенти ҳисобланади.

Бундан ташқари, ASOIF Бош ассамблеясида пандемия сабабли 2021 йил ёзига қолдирилган Олимпия ўйинларига спортчиларни саралаб олиш масаласи ҳам кўтарилди. Делегатлар фикрига кўра, бу ҳозирги вақтнинг энг долзарб муаммосидир.

Шунингдек, ассамблея ишида Халқаро қишки Олимпия спорт федерациялари Aссоциацияси президенти сифатида 2014 йилдан буён ушбу ташкилотни бошқари келаётган FIS раҳбари Жанфранко Каспернинг ўрнини Иво Ферриани эгаллади. Италиялик 60 ёшли мутахассис бир овоздан ушбу лавозимга сайланди.

Ферриани 2010 йилда Халқаро бобслей ва скелетон федерацияси – IBSFни бошқарган, 2016 йилда Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) аъзоси ва 2018 йилдан бери ХОҚ Ижроия қўмитаси аъзоси ҳисобланади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *