Бир неча йилдан буён Ўзбекистонда дзюдо спорт турига жуда катта эътибор берилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, 2016 йилги Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган сўнгги Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Тошкентда ўтган парадзюдо бўйича IBSA гран-присида ҳам парадзюдочиларимизга тенг келадиган топилмади. Ўзбекистон терма жамоаси ўн учта вазн тоифасидан тўрттасида ғолиб чиқди ҳамда 3 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди.

Ўзбекистонлик парадзюдочилар билан бир қаторда яна эттита мамлакат вакиллари шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Бу шуни кўрсатадики, кўплаб давлатлар парадзюдо бўйича IBSA дастури устида ишламоқда.
Ушбу ўзгаришлар ҳамда пойтахтимиз мезбонлик қилган IBSA гран-приси ҳақидаги таасуротлари билан Халқаро кўзи очизлар спорт федерацияси (IBSA) спорт директори Тардос Жейнос JudoInside нашрига интервью берди.

– Пара дзюдо даражаси доимо ошиб бораётганини бемалол айта оламиз. Бунга аниқ бир мисол келтирмоқчиман: ўтмишда битта дзюдочилар татамида жуда кам сонли усуллардан фойдаланар эди. Энди сиз кўплаб комбинациялар ва қарши ҳужумларни кўришингиз мумкин. Бу томошани янада ҳаяжонли ва томошабоп қилади. Айнан ушбу жиҳатлар Тошкентда ўтган турнирда мухлислар учун жудаям манзур бўлди.

Тардос Жейноснинг гапларига қўшилган ҳолда, Халқаро кўзи очизлар спорт федерацияси (IBSA) бош ҳаками Анжелика Вилгелм Тошкентда ўтган Гран-прининг ташкилотчилик масалаларидан мамнун эканлигини яна таъкидлади.

– Мен ушбу турнирдан жуда мамнунман. Ўзбекистонда дзюдо даражаси жуда яхши. Бунда Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясининг ҳиссаси юқори. Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) ходимлари ҳам ташкилий масалаларда ўз кўмакларини аяшмади. Менимча, барчаси биргаликда ажойиб мусобақага айланди.

Leave a Comment