IELTS Indicator бўйича кутилмаган қарор абитуриентларда эътироз уйғотди. Бу инобатга олинадими?

ОТМга қабулда IELTS Indicator B2 ва ундан юқори даражасига эга абитуриентларга истисно тариқасида чет тили фанидан максимал балл берилиши эълон қилинди. Бу янгилик абитуриентлар эътирозига сабаб бўлмоқда.

Фото: Getty Images

Куни кеча, 13 август куни Давлат қабул комиссиясининг 2-сонли баённомаси эълон қилинди. Унга асосан, бакалавриатга бу йилги қабулда чет тилидан имтиёз берувчи сертификатлар сони яна биттага кўпайди.

«Пандемия шароитида чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовлари ўтказилмагани инобатга олиниб, 2020/21 ўқув йили қабули учун ОТМлар бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда IELTS Indicator B2 ва ундан юқори даражасига эга абитуриентларга истисно тариқасида чет тили фанидан максимал балл берилади», – дейилади ДТМнинг комиссия баённомасига асосланган расмий ахборотида.

Бу янгилик абитуриентлар орасида норозилик уйғотмоқда. Янгилик эълон қилингач, абитуриентлар Telegram’да қарийб 900 нафар аъзога эга гуруҳ ҳам ташкил қилишган.

IELTS Indicator ўзи нима?

IELTS Indicator – инглиз тилида ўқиш, ёзиш, тинглаш ва гапириш кўникмасини баҳоловчи тест тизими бўлиб, у пандемия даврида бўлажак талабаларни қўллаб-қувватлаш учун онлайн шаклда ташкиллаштирилган. Бу синов талабгорга уйда туриб тест топшириш имконини беради.

IELTS Indicator ҳам худди IELTS тестлари билан бир хил тузилишга эга ва вақт давомийлиги ҳам бир хил ҳисобланади. Бу имтиҳонда гапириш кўникмасини аниқлаш IELTS эксперти билан юзма-юз видеосуҳбат тарзида ташкил этилади.

IELTS Indicator коронавирус чекловлари туфайли IELTS имтиҳонлари ўтказилиши тўхтатиб турилган давлатларда ўтказилмоқда. У орқали бўлажак талабалар инглиз тилида ўз билимларини аниқлашлари мумкин, унинг материаллари ҳам IELTS базасидан олинган саволлардан иборат ва жавобларни IELTS экспертлари текширади. 

Бу синовни топшириш учун 16 ёш ёки ундан каттароқ бўлиш талаб этилади. Имтиҳоннинг 4 та бўлимига худди IELTS’дагидек вақт ажратилади, жавоблар эса 7 кунда эълон қилинади.

Тест ташкилотчилари тест натижаси тахминий аниқликда эканини тасдиқлайди. Платформа сайтида: «IELTS Indicator фақат тахминий аниқликдаги (indicative) бални чиқариб беради ва у ҳамма ташкилотлар томонидан ҳам қабул қилинмайди. Шунинг учун тестга буюртма беришдан олдин университетингиз уни қабул қилиш-қилмаслигини текшириб, ишонч ҳосил қилинг», – деб ёзиб қўйилган.

Абитуриентлар нимадан норози?

IELTS Indicator B2 ва ундан юқори бўлган тақдирда тан олиниши ҳақида айтилгач, чет тили имтиёзига эга ва эга эмас абитуриентлар бирдай норозилик билдирган. Улар бундай тестларни ишлаш жараёнида шаффофлик ва адолатни таъминлашнинг имкони йўқлиги, ўзларининг танишлари ҳам бошқалар ёрдамида тест ишлаб IELTS Indicator сертификатини олишганини ёзишмоқда.

«Менинг ҳақиқий IELTS сертификати эгасига ҳеч қандай эътирозим йўқ. Улар бунга ҳақли, лекин биз абитуриентлар IELTS Indicator сертификатини тан олмаймиз. Менинг кўп танишларим инглиз тилини биладиган одамларга ҳақини тўлаб IELTS Indicator сертификатини қўлга киритишган», – деб ёзади Kun.uz’га мурожаат қилган абитуриентлардан бири.

Гап шундаки, имтиҳоннинг фақат гаплашиш кўникмасини текширувчи қисми (speaking section) видеоалоқа орқали, бевосита имтиҳон олувчи билан юзма-юз шаклда ўтказилади. Қолган учта йўналиш – эшитиш, ўқиш ва ёзишда имтиҳон топширувчи бошқалардан ёрдам олиши эҳтимоли катта.

Яна бир абитуриент эса IELTS Indicator тан олинмаса ҳам, унда ҳақиқатда яхши балл оладиган абитуриент кириш имтиҳонидаги тестда ҳам яхши балл олиши мумкинлигини айтмоқда.

Қандай турдаги сертификатлар тан олинарди ва қанча абитуриентда бундай имтиёз бор эди?

2020/21 ўқув йили кириш имтиҳонларида имтиёзга эга бўлиш учун абитуриентда тиллар бўйича халқаро сертификатларнинг даражаси муддатидан қатъи назар, B2 даражада бўлиши кераклиги ҳақида белгиланган эди.

Абитуриентлар рўйхатдан ўтган 20 июндан 20 июлгача бўлган муддатда инглиз тилидан имтиёз берувчи сертификатлар сифатида IELTS, TOEFL iBT, CEFR ва Cambridge exams сертификатлари тан олиниши маълум қилинганди. Бу муддат оралиғида IELTS Indicator сертификати тан олиниши ҳақида айтилмаган эди.

ДТМ томонидан эълон қилинган статистикага кўра, жорий йил 8 660 та ҳужжат чет тили сертификати дастурга киритилган ва улардан 8 079 таси тасдиғини топган. 581 та сертификат эса талабга жавоб бермаслиги аниқланган.

Энди эса кириш имтиҳонлари яқин қолганда IELTS Indicator сертификати қабул қилиниши эълон қилинди.

Биринчи жиҳат

Кириш имтиҳонлари учун рўйхатдан ўтиш давомида абитуриентларга чет тили сертификатлари ДТМ томонидан текширилиши борасида эслатма берилган эди.

Ўша хабарда абитуриентлар томонидан имтиёз бериш учун асос бўлмайдиган сертификатларни киритиш (ўқув марказлари томонидан берилган ёки халқаро бўлмаган сертификатлар), тилни билиш даражасини ошириб кўрсатиш (Б1 даражадаги сертификатни Б2 сифатида киритиш), сертификат серияси ва рақамини тўлиқ киритмаслик ёки нотўғри киритиш, амал қилиш муддати тугаган сертификатларни киритиш, сертификат расмини хато юклаш (бошқа расм) ва бошқа ҳолатлар кузатилгани ҳақида айтилган.

Ўша пайтда IELTS Indicator сертификати имтиёз беришга асос бўлмайдиган сертификат ҳисобланган ва қоидаларга амал қилган талаба уни дастурга юкламаган.

Энди эса қабул пайти нотўғри бўлишидан огоҳлантирилган тартиб тўғри деб қабул қилинмоқда.

Абитуриент ўзида IELTS Indicator сертификати бўлса ҳам, тан олинмаслиги ва уни дастурга юкласа, хато бўлишини билиб, бундай қилмаган бўлиши мумкин.

Бошқа абитуриент эса IELTS Indicator сертификатини юклаган, лекин унинг сертификати тасдиғини топмагани маълум қилинган. Бироқ 2-сонли баённомага мувофиқ, энди бундай абитуриентнинг сертификати ҳам тан олиниши мумкин.

Бундай бўлиши тартиб-қоидага бўйсунган ҳолда ўз IELTS Indicator сертификатини ҳужжатлар қабул қилинган муддатда юкламаган абитуриент учун адолатсизлик бўлмоқда.

Қабул комиссияси баённомасида IELTS Indicator сертификатини юкламаган абитуриентларга буни амалга ошириш учун имкон берилиши ҳақида айтилмаган.

Бизнингча, агар кириш имтиҳонларида IELTS Indicator сертификати тан олиниши қатъий бўлса, унда сертификати бўлган, лекин тартибга бўйсуниб, уни дастурга юкламаган абитуриентларга ҳам имконият берилиши керак.

Иккинчи жиҳат

IELTS Indicator сертификати тан олинишига қарши бўлган абитуриентларнинг айримлари у Ўзбекистондаги давлат университетларида тан олинмаслиги айтилгани учун бу сертификатни олишга ҳаракат қилмаганини, энди эса бунга рухсат берилгани нотўғри эканини айтишмоқда.

Уларга кўра, бу тартиб аввалроқ эълон қилинганда абитуриентлар бу имкониятдан фойдаланиши мумкин эди.

Шунингдек, IELTS Indicator синовини уйдан туриб топшириш мумкинлиги имтиҳон топширувчининг бошқалар ёрдамидан фойдаланиши эҳтимолини пайдо қилиши ҳам абитуриентларни ташвишлантирмоқда. Бунда гапириш кўникмаси бевосита мулоқот тарзида ўтказилиши учун бу кўникмада шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Онлайн имтиҳонда шаффофликни тўлиқ таъминлаб бўлмаслиги айтилган эди

Аввалроқ кириш имтиҳонлари онлайн ташкил қилиниши ҳақида турли хабарлар тарқалганда Давлат тест маркази алоҳида баёнот берган эди.

«Онлайн тест синовларига келадиган бўлсак, дунёда ҳеч бир давлат бундай катта миқдордаги абитуриентлар учун онлайн тест ўтказмайди, бунинг иложи ҳам йўқ.

Ҳаттоки «Онлайн прокторинг» (тест синовларини уйда топшириш ва онлайн уларни назорат қилиш) тизимидан фойдаланаётган ташкилотлар ҳам унинг хавфсизлиги, қандай йўллар билан алдаш мумкинлиги ҳали тўлиқ ўрганилмаганини, пандемиядан сўнг бу тизимдан воз кечиш режаси йўқ эмаслигини ҳам айтиб ўтишган», – дейилган эди баёнотда.

Баёнотга кўра, имтиҳонларни онлайн ўтказиш имкони йўқ ва бу усулда синовнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш ҳам имконсиз. Энди эса, бунга зид равишда қабул комиссияси онлайн имтиҳон топшириб олинган сертификат натижаси тан олинишини айтмоқда.

ДТМ: Қарорни комиссия қабул қилган

Kun.uz тартиб бўйича изоҳ олиш учун Давлат тест маркази билан боғланди. ДТМ матбуот хизмати вакили абитуриентлар томонидан билдирилаётган фикрлар ҳақида Давлат қабул комиссиясига маълумотлар юборилганини, лекин бу борада ваколатли орган фақат Давлат комиссияси эканини, шунинг учун ДТМ бу бўйича изоҳ бера олмаслигини айтди.

Хулоса

Жорий йилги кириш имтиҳонлари шаффоф ва адолатли бўлиши ҳақида айтилди, абитуриентларга қийин бўлмаслиги учун тест саволлари ҳам соддалаштирилаётгани маълум қилинди.

ОТМларга кириш имтиҳонларининг тўла адолатли ташкил этилишига энди-энди ишонч пайдо бўлаётган бир пайтда янгиликлар жорий этилишидан олдин уларнинг бевосита иштирокчилари – абитуриентлар иштирокида муҳокама қилинса, уларга бу янгиликларни қабул қилиш осонроқ бўлиши мумкин бўларди.

Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz мухбири

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *