Мухторхон Ташходжаев: Парадзюдо терма жамоамиз мусобақага тайёр

Хабарингиз бор 23-24 сентябрь кунлари Тошкентдаги муҳташам спорт мажмуаларидан бири ҳисобланган “Ҳумо Арена”да парадзюдо бўйича IBSA Гран-приси бўлиб ўтади. Бугун ушбу йирик мусобақа олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманининг дастлабки қисмида Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев сўзга чиқди ва қуйидаги фикрларни билдирди :

Парадзюдо бўйича бундай йирик мусобақа илк марта “Ҳумо Арена”да бўлиб ўтади. Бунинг учун муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Таъкидлашим керакки, ушбу Гран-при турнирида дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан 200 дан ортиқ спортчи иштирок этади.  Бизнинг яна бир асосий мақсадимиз меҳмон спортчиларни муносиб кутиб олиб, уларга барча шароитларни яратиш ҳамда Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини янада ижобий томонга оширишдир. Бундан ташқари хорижлик меҳмонларга  Ўзбекистонда спортга яратилган кенг имкониятларни кўрсатмоқчимиз.

Бизнинг парадзюдочилар мусобақага пухта тайёргарлик кўришди ва уларнинг барчаси юқори ўринлар учун курашашга тайёр. Мақсадимиз медалларни қўлга киритиб, Токио-2020 йўлланмаларини кўпроқ қўлга киритишдир. Шу ўринда айтишим  керакки, Тошкент Гран-присидан кейин 2020 йилда Буюк Британия ва Озарбайжонда яна  2та Гран-при мусобақаси бўлиб ўтади. Терма жамоамиз ушбу мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этишни мақсад қилган.

Сўзим якунида барча оммавий ахборот воситалари ходимларидан Тошкент Гран-присини кенг ёритишларини сўраб қоламан.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *