Токио-2020 спорт ареналари – Токио сув спорти маркази

Пара сузиш бўйича Паралимпиада мусобақаларига мезбонлик қиладиган Токио сув спорти маркази ўзининг ажойиб архитектураси ва инновацион муҳандислик ишланмалари билан бошқа ареналардан ажралиб туради.

Тацуми соҳилидаги истироҳат боғида жойлашган ушбу мажмуа 65 минг метр квадрат майдонга эга бўлиб, ўз бағрига 15,000 томошабинни сиғдира олади.

Шулардан, 1,500 донадан ортиқ ўриндиқлар эса ногиронлик аравачасида ҳаракатланадиган инсонлар учун мўлжалланган.

Конструкция ишлари феврал ойида якунланадиган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 523 миллион АҚШ доллари дея баҳоланмоқда.

Асосий сузиш ҳавзасида ҳаракатланувчи деворлар бўлиб, улар 50 метрли сузиш йўлагини иккита 25 метрли йўлакларга айлантира олади.

Узунлиги 160 метр, эни эса 130 метр бўлиб, аренанинг умумий оғирлиги 7000 тоннани ташкил этади.

Қизиқ жиҳати шундаки, қурилиш ишларини жадаллаштириш ва ҳаражатларни камайтириш мақсадида ноанъанавий усулдан фойдаланилди. Яъни сузиш марказининг томи аввал ерда битказиб олинди ва уч босқичда 37 метрга кўтарилди.

Мажмуада асосий ва қўшимча сув ҳавзаси ва шўнғин учун алоҳида бассейн бўлиб, Токио-2020 ўйинларидан сўнг ҳар йили халқаро, миллий ва ўсмирлар миқёсида юзлаб мусобақаларга мезбонлик қилади.

Токио сув спорти марказидаги пара сузиш беллашувлари 26 август – 4 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Ҳозирча 3 нафар сузувчимиз Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *