Пойтахтимизда Токио-2020 Паралимпия ўйинлари сари “Сенда ҳам имкон бор” шиори остида пара-атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионати старт олган эди. Мазкур мусобақа келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган навбатдаги Паралимпия ўйинларига терма жамоа таркибини шакллантириб олиш, номзодларни саралаш нуқтаи назаридан аҳамиятли эди. Шу боис ҳам унда Республикамизнинг барча вилоятларидан келган пара-атлетлар ўз иқтидорларини намойиш этишди.

Икки кун давом этган беллашувлар халқаро пара-атлетика оиласига мансуб йўналишларда ўтказилди. Кутилганидек, мусобақада Ҳусниддин Норбеков, Дониёр Солиев, Миран Сахатов, Александр Свечников, Темур Ғиёсов, Асила Мирзаёрова, Сафия Бурханова, Наталья Семёнова каби таниқли пара-атлетларимиз ўз йўналишларида тенгсиз эканликларини яна бир бор намойиш қилилар.

Ушбу мусобақа Президентимиз «Аҳолининг ижтимоий қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳам ўтказилган бўлиб, унда Республикамизнинг турли вилоятларидан янги иқтидор эгалари кашф қилинди. Таъкидлаш жоиз, улар ўз натижалари билан терма жамоанинг асосий таркиб вакилларига муносиб рақобатчи бўла олишларини исботлашди. Мусобақа якунида Фарғона вилояти вакиллари умумжамоа бўйича биринчи ўринни қўлга киритишди. Шунингдек, Тошкент шаҳри иккинчи, Навоий вилояти эса учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Улуғбек Мирхайдаров хамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мутасадди раҳбарлари иштирок этишди.



Айни дақиқаларда Нукус шаҳрида реабилитация марказига эга бўлган биринчи “Имкон” мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросимидамиз.

Имконияти чекланган тарбияланувчиларга мўлжалланган, ўзида 150 нафаргача болаларни сиғдира оладиган ушбу муассаса нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам биринчи ва ҳозирча ягонадир.

Ушбу тарихий воқеа билан бутун Қорақалпоғистон халқини, ташкилотчиларни алоҳида табриклайман. Тизимли равишда мамлакатимизнинг қолган ҳудудларида ҳам бунёд этиладиган бундай муассасалар жисмоний ривожланишида нуқсони бор болаларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкам эгаллашига кўмак бериши шубҳасиз.